Россияда собиқ “замминистр” 7 йилга қамалди (видео)

Олам

image

Москванинг Тверь туман суди Россия Федерацияси Маданият вазирининг собиқ ўринбосари Ольга Яриловани оғир оқибатларга олиб келган мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодекси 285-моддаси 3-қисми) айби билан 7 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судларининг матбуот хизмати хабар берди.

Яриловага икки йилга давлат хизматида ишлаш ҳам тақиқланган. Бундан ташқари, суд Маданият вазирлигининг моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвосига кўра, ундан 125 миллион 829 минг 350 рубль ундирган.

Собиқ вазир ўринбосари 2023 йил апрелида ҳибсга олинган эди. Тергов Яриловани ўзи раҳбарлик қилган "Пушкин картаси" лойиҳаси доирасида фирибгарликда айблади. Айбловга кўра, 2022 йилда вазир ўринбосари “Пушкин картаси” дастурига “Москва Сити” мажмуасида жойлашган ва расмий мақомга эга бўлмаган хусусий музқаймоқ музейини киритган. Айбловга кўра, унинг хатти-ҳаракатлари оқибатида федерал бюджетга 125 миллион рубль миқдорида зарар етган.

Ярилова ўз айбини қисман тан олди, аммо кейинроқ судда айбловни рад этишини айтди. Баҳс чоғида прокурор вазир ўринбосарини етти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Маълумот учун, Ольга Ярилова 2022 йил сентябрида тўрт йиллик меҳнатидан сўнг ўз хоҳишига кўра Маданият вазири ўринбосари лавозимидан кетган. У Маданият вазирлиги ҳузуридаги ҳудудий сиёсат, таълим ва лойиҳаларни бошқариш бўлими, Кинематография ва рақамли ривожланиш бошқармаси, Давлат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш департаменти, Бутунроссия жамоат ва давлат ташкилоти "Россия маданияти жамғармаси" фаолиятига раҳбарлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Федерацияси Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов пора олишда гумонланиб қўлга олинганди. Кейинчалик матбуотда унинг порахўрликда эмас, давлатга хиёнатда гумон қилинаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Айрим нашрлар Ивановнинг ҳибсга олиниши ортидан Мудофаа вазири Сергей Шойгу лавозимидан ажралиши мумкинлигини ёзди. Кеча, 25 апрель куни Иванов ишига алоқадор учинчи шахс – "ОлимпСитиСтрой" компанияси асосчиси Александр Фомин қўлга олинди. У вазир ўринбосарига пора берганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Россия Тергов қўмитаси ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москва вилояти ҳукумати раисининг собиқ биринчи ўринбосари Светлана Стригунковани ҳибсга олди. Амалдор бир ой олдин ўз лавозимидан истеъфога чиққан ва ҳозирда у 150 миллион рубль миқдорида пора олганликда гумон қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ольга Ярилова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг