Ипотека кредити фоизлари пасайиши кутилмоқда – Марказий банк раиси
Жамият
−
26 Апрель
9745Ўзбекистонда келгусида уй-жой ипотекаси кредит ставкалари пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
Нурмуродовнинг сўзларига кўра, 2024 йилнинг биринчи чораги бўйича умумий кредит фоизлари ўртача 0,7 фоиз бандга тушган. Бу Марказий банкнинг кўрсатмаси билан эмас, пул-кредити механизмлари, пул-кредит шароитларидан келиб чиққан ҳолда юз бергани айтилди.
“Ипотека бўйича ҳукуматнинг 17-18 фоиз деган нормалари имтиёзли ипотека доирасига киради. У ерда белгиланган шарт бор – агар Марказий банкнинг асосий ставкаси ошадиган бўлса фоизлар ошмайди, асосий ставка тушадиган бўлса, у пасаяди. Кўриб турибсиз бугун асосий ставкани ўзгартирганимиз йўқ, бу дегани ўша ставкада қолади. Лекин, бу йилги инвестиция дастурларида ва бевосита ипотекани ривожлантириш билан боғлиқ бўлган лойиҳа ҳозир Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк ўртасида муҳокама қилиниб, якунланиш даражасига етган. Олдин имтиёзли кредит маълум бир бозордаги уй-жой қурилиши сегментига йўналтирилган бўлса, ҳозир барча бирламчи бозордаги уйларга киритиш бўйича ишланяпти”, дейди Нурмуродов.
Агар бу лойиҳа тасдиқланадиган бўлса, умумий ипотеканинг фоизи пасаяди.
“Масалан, ҳозир 25-27 фоизда ҳам ипотека берилади, деган гаплар бор. Агар бу норма амалиётга жорий қилинадиган бўлса, мен айтишим мумкин, бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича ипотека 21,5-22 фоизгача пасайишини кутяпмиз”, дейди Марказий банк раиси.
Маълумот учун, 2024 йилнинг январь ойида кредит ставкаси кўтарилиб, 24,1 фоизни ташкил қилган эди. Март ойидаги ҳолат бўйича, кредит ставкаси тушиб, ўртача фоизи 23,6 фоизга тенглашган. Ўтган йилнинг март ойида эса банк ташкилотларида кредит ставкаси ўртача 22,6 фоиз бўлган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь