Кетмони учаётганлар ёхуд Ўзбекистонда тадбиркорлар нега ўзини осмоқда? – Ҳафта дайжести
Жамият
−
30 Июль 2022
27254Тугаётган ҳафта дунё ва Ўзбекистонда содир бўлган кўплаб қизиқ ва тарихий воқеалар билан ёдда қолди. Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича конференция дейсизми, ёки ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари йиғилишими, ҳар бирида бугун ва келажакка дахлдор қатор сигналлар, минтақавий масалалар хусусида "месеж"лар берилди. Шунингдек, ўтаётган ҳафтада кўпчиликнинг кетмони учди.
Кетмони учаётган Алламжонов
Тешик мунчоқ кўчада қолмайди дейди халқ. 2017 йилдан декабрдан 2018 йилнинг октябригача Президент Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби лавозимида ишлаган Комил Алламжонов яна Президент Администрациясига қайтди.
Ўз кўзимиз билан кўрмаганимиз – Президентнинг шу йил 26 июлда имзолаган фармони билан Алламжонов Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланган. Бироқ ҳужжат матнини на Президент сайтидан ва на Lex.uz’дан топа олдик.
Узунқулоқ гапларга қараганда, ушбу лавозим у учун янги ташкил этилган ҳамда Алламжонов жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул бўлади.
У бизнесни тарк этди ва Президент Администрациясининг манфаатлар тўқнашуви ҳақида баралла айта олган биринчи амалдори бўлди.
Андижонлик тадбиркорлар нега ўзини ўлдиряпти?
Ўзбекистонда катта тадбиркорлар юқори лавозимларга тайинланаётган бир пайтда бошқалари вафот этмоқда. Ўлим сабаби эса ўз жонига қасд қилиш экани урғуланган. Гап шундаки, 25 июль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманида тадбиркор Раҳмиддин Мирзаев 45 ёшида вафот этди. Бош прокуратура воизи Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, у ўз жонига қасд қилган. Орадан икки кун ўтиб, 27 июль куни унинг отаси ҳам оламдан кўз юмди.
Бу Андижонда содир бўлаётган биринчи ҳолат эмас. Худди шундай воқеа бундан бир ой аввал ҳам содир бўлган.
23 июнь куни “Бўз Иқбол чорваси” МЧЖ раҳбари Бўстон туманидаги “Буюк турон чорваси” фермер хўжалиги дала майдонидаги дарахтга арқон билан ўзини осиб, вафот этган.
Иккала ҳолатда ҳам прокуратура тадбиркорлар ўз жонига қасд қилганини ишонч билан таъкидламоқда. Сизга бу ҳолат ғалати туюлмаяптими? Нима бало Андижонда тадбиркорларга қирғин келяптими? Нега улар ўзини осяпти. Бу ҳолатлар тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва улар билан психологик суҳбат ўтказиш учун яхши сигнал.
Илтимос, фақат буни ҳам Янги Ўзбекистоннинг Янги тадбиркорлари шиори остидаги маънавий-маъфирий тадбирга айлантириб юборманглар.
АҚШ Афғонистоннинг пулларини қайтармаса, "Толибон" тинчлик бермайдими?
Афғонистон энди Ўзбекистонга, минтақа давлатлари ва дунёга хавф солмайди. Муваққат Ҳукукумат террорчилик тузилмалари билан курашмоқда. Аммо уларнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор. АҚШ Афғонистоннинг музлатиб қўйилган 7 миллиард доллар маблағларини қайтариши керак. Россия эса “Толибон” қурган Афғонистон ҳукуматини тан олмаса-да, улар билан савдо-сотиқ қилишга тайёр. Бу гаплар ўтган ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда янгради.
Эътиборли томони шундаки, унда “Толибон” вакили – мамлакат муваққат Ҳукумати Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий иштирок этди.
Дунё бугун Афғонистоннинг олдига қатор талабларни қўймоқда. Хусусан, Президент Мирзиёев “афғон ҳукумати миллий озчиликларнинг, айниқса, аёллар ва қизларнинг асосий инсон ҳуқуқларини таъминлаши, қизларнинг ўрта мактабга боришини, улар меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлишини, ҳаракат эркинлигини таъминлаши кераклигини” айтди ва ҳукуматни терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишларинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, кескин чоралар кўришга чақирди.
“Толибон” эса АҚШдан пулларини сўраяпти. Савол туғилади: агар АҚШ пулларни блокдан чиқармаса, “Толибон” хавфсизлик борасида Ўзбекистон ва дунёга берган ваъдасини бажармайдими? АҚШ-чи, пулларни қайтарадими? Қайтариши керакми? Конференциядан кутилаётган натижа қандай?
Аввал айтиб, кейин қайтган Ҳукумат
Дунёда катта-катта масалалар ҳал этиляпти. Йирик геосиёсий тартибот кетмоқда. Ўзбекистон ҳам бундай жиддий масалаларнинг иштирокчи бўлиб турган бир вақтда одамларнинг боши яна майда масалалар билан банд. Бунда эса Ҳукуматнинг ҳиссаси каттагина.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун бир хил мактаб формаси мажбурий этиб белгиланган эди. Кўплаб норозиликлар ортидан Ҳукумат 27 июль куни айтганидан қайтди. Мактабларда ягона форма 2025 йилгача босқичма-босқич жорий қилиниши ва бу йил сотиб олиш мажбурий бўлмаслиги айтилди. Шунингдек, миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмаслиги урғуланди.
Бу орада Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов форма киймаслик қандай жиддий оқибатларга олиб келишини ҳам айтди.
Узр-ку, Бахтиёр ака, бу маълумотни қаердан олдингиз? Қайси олимнинг илмий тадқиқоти, билсак бўладими? Бизга яқинда тонировка қилинган автомобилларда болалар ранг ажратолмайдиган бўлиб қолади дейишганди. Икки тадқиқотнинг муаллифи битта одаммасми мабодо?
Мен сизга бошқа статистикани айтай. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 300 га яқин корхона мактаб формаси тикишни бошлаган, улардан 260 дан ошиғи Наманганда. 19 майдан формалар тикилиш бошланган. 1 млн 700 таси тайёр. Энди бу тадбиркорлар қулоғини ушлаб қолавердими? Бу бўйича илмий тадқиқот йўқми?
Эҳром кийган Тўқаев
Форманинг энг яхшиси ва кўнгилга яқинини Президент Тўқаев ҳам кийди. Ўтган ҳафта Саудия Арабистонига борган Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ташриф доирасида бир неча миллион долларлик 13 та келишувни имзолади.
Сафар баҳонасида Президент эҳром кийди, Умра зиёратини амалга оширди. У алоҳида шарафга сазовор бўлди – ҳурматли меҳмонлар учун эшиклари очиладиган Каъбага кирди.
Бу орада Қозоғистон Россия билан узоқлашиб бораётганини айтмоқда билгичлар. Мутахассисларга кўра, Президентлар Путин ва Тўқаев ўртасига совуқчилик тушган. Ҳатто, The World Street Journal ҳам буни қаламга олди. Ҳафта бўйи тармоқ шу масалани муҳокама қилди. Шунингдек, ҳафта бўйи Қозоғистоннинг биринчи Президенти – Нурсултон Назарбоев ва унинг оиласи ҳам яна диққат маркази турди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Россиянинг эътибор марказидаги Мирзиёев
Ўзбекистоннинг эса Россия билан алоқалари тобора яхши бўлиб бораётгандек. 24 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев 65 ёшни қаршилаганди. Россия Президенти Владимир Путин, Федерация Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Ҳукумат раиси Михаил Мишустин, Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведевдан табриклар ёғилди. Путин Мирзиёевни Александр Невский ордени билан мукофотлади.
Путиннинг содиқ одами – Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга иккита қора байир совға қилган. Бу ҳафда расмий Тошкент сўз очгани йўқ. Қодиров ўз саҳифасига совғалар билан видеомурожаат жойлади.
Оғир аҳволда қолаётган Назарбоев
82 ёшини Бодрумда кутиб олган Нурсултон Назарбоев бир неча ҳафталик таътилни Туркияда ўтказиб, яна Қозоғистонга қайтди. У мамлакатдан чиқиб кетганида эса интернетга укаси Болат Назарбоевнинг ўз уйида, оғир аҳволда касаллик билан курашаётгани акс этган видеолар сиздирилди. 69 яшар Болат Назарбоев айни вақтда Олмаотадан унча узоқ бўлмаган Шамалган қишлоғида яшамоқда.
Болат Назарбоевда 2015 йилда хавфли ўсма (буйрак карсиномаси) аниқланган. Кейин трансплантация амалга оширилган. Касаллик прогрессив оғир қандли диабет билан мураккаблашган. 2021 йилда шифокорлар яна бир ташхисни – ҳалқум саратонини айтишган. 2021 йил 29 июль куни Германияда Қозоғистон Биринчи Президентининг укаси ҳалқумни олиб ташлаш бўйича операция қилинган, шундан сўнг кўплаб асоратлар пайдо бўлган. Сентябрь ойида сепсис ва тромбоз ривожланиб, унинг аҳволи оғирлашган. У комага тушган ва клиник ўлимдан омон қолган.
Бугун Болат Назарбоевнинг ёнида фақат яқин қариндошлари қолган: рафиқаси, синглиси, болалари. У акаси билан ҳам доимий алоқада. 15 июнь куни Нурсултон Назарбоев Шамалганга келган ва улар ота-оналари уйида учрашишган. Қариндошларининг сўзларига кўра, Нурсултон Назарбоев укасининг соғлиғидан жуда хавотирда: бир соатдан кўпроқ унинг ёнида ўтириб, шифокорлар билан гаплашиб, ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирган.
Тақиққа учраган Усмоновнинг жиянлари
Буюк Британия Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтирди. Навбатдаги рўйхатдан ўзбек миллиардери Алишер Усмоновнинг жиянлари Сарвар ва Санжар Исмоиловлар киритилди. Рўйхатдагиларнинг Буюк Британияга кириши тақиқланди, шунингдек, агарда мамлакатда уларнинг активлари топилса, музлатиб қўйилади.
Шунингдек, рўйхатдан 30 га яқин вилоят губернаторлари ва раҳбарлари ўрин олган. Рўйхатдагиларнинг Буюк Британияга кириши тақиқланди, шунингдек, агарда мамлакатда уларнинг активлари топилса, музлатиб қўйилади.
25 июль куни Россияда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз, назоратсиз қолиб кетган ва ёрдамга муҳтож бўлган 19 нафар болалар тегишли мутасадди идоралар ҳамкорлигида Ўзбекистонга олиб келинди.
Маълум қилинишича, бир нечта идора вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Россиянинг турли шаҳарларида болалар қаерда сақланаётгани, уларнинг саломатлиги қай аҳволда эканини аниқлаб, керакли ҳужжатларни тўплаган. Сафар давомида қабул қилиб олинган болаларнинг ҳар бири ССВ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва ватанга олиб келинган.
Президент қабулида бўлган вазирлар
Россиянинг Украинага нисбатан ҳарбий ҳаракатлари бошлангандан буён илк бор Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентга келди ва Президент Мирзиёевга Путиннинг саломини етказди.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Президент Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Покистон ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто Зардарий, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.
Вазирлар йиғилишида жаноб Лавров ШҲТ давлатларини доллардан юз ўгиришга чақирди. Вазирлар кенгашининг йиғилиши якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари учун “ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтиришга ўтиш бўйича йўл харитаси” келишилган.
Шунингдек, мажлисда айтилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Беларуснинг ташкилотга тўлақонли қўшилиш тўғрисидаги аризасини фаол ўрганиб чиқмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Эрон Ислом Республикаси ҳам ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо бўлиши йўлида эришилган муваффақиятни қайд этган.
"Рома"дан кетаётган Шомуродов
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Италиянинг “Рома” клуби футболчиси Элдор Шомуродов Рим жамоасини тарк этишга яқин турибди. Бу ҳақда Шомуродовнинг ишларига масъул бўлган “ProSports Management” вакили Қаҳҳор Мўминов маълум қилди.
“Элдор “Рома”нинг “Тоттенхэм” билан бўладиган ўртоқлик ўйинга бормади, чунки у бошқа клубга ўтишга яқин турибди. Шомуродов тўлиқ трансфер қилинадими ёки ижарага бериладими? Бу ҳақда “Рома” вакилларидан сўраган маъқул”, деган Мўминов.
Маълумотларга кўра, Торино” ва “Болонья” клублари 27 ёшли ўзбекистонлик футболчини “Рома”дан сотиб олиш шарти билан ижарага олиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Ҳафтанинг мудҳиш жинояти
21 июль куни Тошкент шаҳрида эркак оилавий жанжал сабаб аёли, вояга етмаган фарзанди, қайнонаси ва синглисини пичоқлаб қўйди.
33 ёшли фуқаро турмуш ўртоғи билан оилавий низо сабабли ўзаро жанжаллашиб қолган. Оқибатда эр ошхона пичоғи билан хотини, 7 ёшли фарзанди, ушбу хонадонда яшаб келаётган қайнонаси ва синглисининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдиришга ҳаракат қилган.
Ҳозирда Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
“SHOVOTLANDIA” ишида айбланувчилар қийноқ бўлганини айтди
Ёдингизда бўлса Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “SHOVOTLANDIA” кафеси ёқиб юборилгани ва кафе ичида бўлган 5 киши вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат юзасидан апелляция суди давом этмоқда. Жорий ҳафтада бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчилар Абдураҳимов ва Сайфиевлар тергов вақтида қийноқ бўлгани ҳақида айтишди. Судда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этаётган депутат Расул Кушербоев суддан гувоҳлар ва судланувчиларнинг айтганларидан келиб чиқиб қийноқ ҳолатлари ва судланувчилар ИИББ да сақланиб, махсус сақлаш жойларига юборилмагани бўйича текширув тайинлаб жараёнда иштирок этган барча шахслар ҳаракатига суд адолатли баҳо беришини сўради.
Суд мажлисидан тайёрланган тўлиқ видеони QALAMPIR.UZ’нинг You Tube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Хуллас шунақа гаплар.
LiveБарчаси