У гапиролмайди, юролмайди ва аҳволи оғир... Биринчи Президентнинг саратонга чалинган укаси уйидан репортаж
Олам
−
25 Июль 2022
22005Ўтган ҳафта Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси – 69 яшар Болат Назарбоев оғир хасталик билан курашаётгани, унда саратон кечаётгани ҳақида хабар берган эдик. Қозоғистон ва қўшни мамлакатлар бўйлаб яшин тезлигида тарқалган ушбу ахборот ортидан Болат Назарбоевнинг оила аъзолари маҳаллий “Экспресс К” сайти билан боғланиб, унинг аҳволи ҳақида маълумот беришга қарор қилганларини айтишган.
Нашр мухбирлари биринчи Президентнинг укаси истиқомат қилаётган Олмаотадан унча узоқ бўлмаган Шамалган қишлоғида, унинг уйида бўлди. Қайд этилишича, ака-ука Назарбоевлар шу қишлоқда туғилиб, вояга етган.
“Болат Назарбоевнинг коттежи оддий қишлоқ кўчасида, дўкон ва дорихона ёнида жойлашган. Биз ҳеч қандай қўриқчилар ёки тақиқловчи белгиларни кўрмадик. Ҳовлида бизни унинг қизи Гулмира, рафиқаси Динара, даволовчи шифокор ва ногиронлар аравачасида бўлган Болат Назарбоевнинг ўзи кутиб олди.
Биринчи Президентнинг 69 ёшли укасининг аҳволи жуда оғир эканига шубҳа йўқ. Трахеостомия трубкаси кўриниб турибди, бу нафас олишни осонлаштиради, томирларга катетерлар ўрнатилган, у ўзи ҳаракат қилолмайди ва гапиролмайди”, деб ёзмоқда нашр.
Болат Назарбоев уйида оммавий ахборот воситалари ходимларини кўргач, асабийлаша бошлаган ва фломастерга ишора қилган. У махсус доскага ёзиб, қизи Гулмирага кўрсатган.
“Унда яна шифохонага олиб кетишади, деган қўрқув бор. Журналистлар уйимизга биринчи марта келяпти ва биринчи марта уни бундай ҳолатда кўришмоқда”, дейди Болат Назарбоевнинг қизи.
Болат Назарбоевда 2015 йилда хавфли ўсма (буйрак карсиномаси) аниқланган. Кейин трансплантация амалга оширилган. Касаллик прогрессив оғир қандли диабет билан мураккаблашган. 2021 йилда шифокорлар яна бир ташхисни – ҳалқум саратонини айтишган. 2021 йил 29 июль куни Германияда Қозоғистон Биринчи Президентининг укаси ҳалқумни олиб ташлаш бўйича операция қилинган, шундан сўнг кўплаб асоратлар пайдо бўлган. Сентябрь ойида сепсис ва тромбоз ривожланиб, унинг аҳволи оғирлашган. У комага тушган ва клиник ўлимдан омон қолган.
"Биз 2015 йилдан бери дадамнинг касаллиги билан курашамиз. Чет элга чиқдик. Германияда даволанишни бошладик, Исроилга етиб келдик. Афсуски, яхшиланмаяпти, лекин аста-секин ўтира бошлади, қимирламайди, овқат емайди, дори-дармонларни олади, қозоқ шифокорларимиз жуда кўп ёрдам беришади, улар туфайли унинг аҳволини назоратда ушлаб турибмиз”, дейди қизи Гулмира.
Қариндошларининг сўзларига кўра, улар Қозоғистонда даволанишни давом эттиришга ўзлари қарор қилган. Шамалгандаги уйнинг бир қисми шифохона бўлимига айлантирилган, ҳовлида жойлашган қўшимча бинода дори-дармон таъминоти мавжуд. Болат Назарбоев гапиролмаса-да, ҳамма нарсани тушунади. Имо-ишоралар билан бирор нарсани кўрсатиши ёки қисқача ёзиши мумкин.
“У ҳар куни иммуносупрессив терапия олади ва буйракни рад этишнинг олдини олиш учун дори томчилатиб юборилади. Гормон терапияси, антибиотик терапияси, гипогликемик терапия, ресторатив дориларни қабул қилиш. Вазият жуда оғирлигича қолмоқда”, дейди даволовчи шифокор.
Бугун Болат Назарбоевнинг ёнида фақат яқин қариндошлари қолган: рафиқаси, синглиси, болалари. У акаси билан ҳам доимий алоқада. 15 июнь куни Нурсултон Назарбоев Шамалганга келган ва улар ота-оналари уйида учрашишган. Қариндошларининг сўзларига кўра, Нурсултон Назарбоев укасининг соғлиғидан жуда хавотирда: бир соатдан кўпроқ унинг ёнида ўтириб, шифокорлар билан гаплашиб, ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирган.
“Биз шунча йил жим турдик, ҳаммасини ўзимизда сақладик. Ҳеч кимга ҳеч нарса айтилмади. Бу йиллар давомида улар фақат дадамни оёққа турғизиш учун курашдик. У ҳар куни бизнинг кўз ўнгимизда, лекин биз таслим бўлмаймиз, курашамиз”, дейди қизи Гулмира.
Бир неча кун аввал Болат Назарбоев навбатдаги МРТ текширувидан ўтган. Бир оз ёмонлашув аниқланган – вертебрада яллиғланиш. Турмуш ўртоғи Динара айтганидек, сўнгги пайтларда у бел оғриғидан, тартибсиз уйқудан шикоят қила бошлаган, икки-уч кун ухлай олмайди, шу сабабли доимий равишда турли оғриқ қолдирувчи дори олишига тўғри келади.
LiveБарчаси