Лавров Россия-Украина уруши бошлангандан буён илк бор Мирзиёев билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. 

Суҳбатда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар батафсил кўриб чиқилган.

Минтақадаги вазиятга ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатларига, шу жумладан ШҲТ саммитига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашув аввалида Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва самимий тилакларини етказган.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.

Қайд этилишича, ўзаро савдо ҳажми барқарор юқори суръат билан ортиб бормоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 32 фоизга ошди. Қўшма Лойиҳа офисининг фаолияти доирасида қарийб 40 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув йўналишида самарали ишлар олиб борилмоқда. Кейинги бир неча йилда Ўзбекистонда Россиянинг 12 та етакчи олий таълим муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Минтақавий, шу жумладан “Марказий Осиё – Россия” форматидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Афғонистондаги вазиятнинг тинчлик йўли билан ҳал этилишига ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмакни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 июль куни Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И ва Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни ҳам қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Лавров ва Мирзиёев учрашуви

Баҳолаганлар

230

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар