Дўппосланаётган оналар ва болалар, Президентга яқинлашган Комилов, Ўзбекистонга келаётган Путин...Ҳафта дайжести

Таҳлил

Тўйи куни мушт еган келин, калтакланган тасвирчи, сув тошқинида қолган “Ўрикзор” бозори, қирғиз –тожик чегарасида содир бўлган отишма, ўз чақалоғини аёвсиз урган она, Ўзбекистонга келиши кутилаётган Россия Президенти,  25 метрли қудуққа тушиб кетган болакай, дунё уруш майдонига янги қирувчи самолётни киритаётган Эрдўғаннинг куёви. Ҳафтанинг энг муҳим ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалари билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг. 

Фарғонада пора олгани айтилган ЙПХ ходими қочаётганда камерага тушиб қолди 

Ижтимоий тармоқларда  Фарғона вилоятининг Қува туманида пора олиб, воқеа жойидан қочиб кетган ЙПХ инспектори кўчадаги кузатув камерасига тушиб қолгани ҳақида хабар тарқалди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 июнь куни Қува туман ИИБга ЙПХ инспекторнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан икки фуқаро номидан ариза келиб тушган. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига тақдим қилинган. Ҳозирда теговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Қашқадарёда 6 яшар бола 25 метрли қудуққа тушиб кетди  

Жорий йилнинг 12 июнь куни  Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро вилоят ФВБга мурожаат қилиб, шу куни ўзларига тегишли бўлган дала майдонида қазилган, 200 диаметрли 25 метр сувсиз қудуққа 6 ёшли ўғли тушиб кетганлигини маълум қилган. Воқеа жойига зудлик билан вилоят ФВБ қутқарувчилари ва тегишли куч-воситалари етиб борган. 

Жорий йилнинг 13 июнь куни 8-синф ўқувчиси Озодбек Йўлдошев қутқарувчилар ва махсус асбоб-анжомлар ёрдамида қудуқнинг тор туйнугидан мардонавор ўтиб, болани олиб чиққан. Болакайнинг ҳаёти сақлаб қолинди, айни вақтда у шифокорлар назоратида, ота-онаси бағрида.

“Ўрикзор” бозорини сув босди 

Жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкентнинг “Ўрикзор” бозори остидан ўтган иссиқ сув қувури ёрилиши оқибатида  савдо мажмуасининг 800 м. кв. савдо павильонларини сув босди.

Таъкидланишича, “Ўрикзор” бозори остидан ўтган қувурлар ўрнатилганига 30 йил бўлган. Уларнинг ишлатиш муддати эса 15 йил. 

Воқеа қувурларни юқори босимда текшириш жараёнида содир бўлган. 
Ҳодиса оқибатида фуқароларга зарар етмаган.

Тасвирчи дўппосланди

Жорий йилнинг 11 июнь куни “Севимли” телеканали “Замон” дастури тасвирчиси Т.Иброҳимов журналист билан Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритиш учун “Пахтакор” стадионига борганида ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан аёвсиз дўппослаганини маьлум қилди.

Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов телеканал тасвирчисини вазирлик ходимлари дўппослагани ҳақидаги хабарларга жавобан, тасвирчи одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида тан жароҳатлари олганини айтди.

“Замон” дастури томонидан эълон қилинган хабарда эса журналист тасвирчисини ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари аёвсиз дўппослаганини айтганди. Тасвирчи ҳам орган ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида гапирган.

Лекин, ИИВ Матбуот котиби тасвирчи одамлар орасидаги муштлашувда жароҳат олганини маълум қилган. Журналистни калтаклагани айтилаётган ходимларчи, уларни бошқа бир ташкилот аниқлаши керакми? Агар ОАВ ходимларининг калтакланишида “погон”лиларнинг қўли бўлмаса, ИИВ дарҳол бу ёлғон деб чиқмасмиди?

Путин Ўзбекистонга келади

Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этади. 

Қайд этилишича, Путин 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида, 14 октябрда эса Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади.

Қирғиз-тожик чегарасида можаро чиқди

Жорий йилнинг 14 июнь куни давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасида отишма юз берди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати хабарига кўра, тожик томони граната ва миномётлардан фойдаланган.

Икки томон чегарачилари зудлик билан жанговар позицияларни эгаллаган. Томонларнинг чегара отрядлари бошлиқлари воқеа жойига жўнаб кетишган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлигича қолмоқда.

Биржада шакар нархи “резкий” пасайди

Жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг эрталабки савдо сессиясида ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра шакарнинг нархи аввалги кунга нисбатан яна 123,8 сўмга пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 млн 631,1 минг сўмни ташкил қилди.

Спортга ажратилган 22 миллиард еб юборилди

2019-2021 йилларда давлат бюджетидан спорт соҳасига ажратилган пуллардан 22,3 миллиард сўми талон-торож қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳалари қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ва унинг қуйи тармоқлари томонидан ўрганилди.

Ўрганиш доирасида 127 та текшириш ўтказилиб, 948 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган ва 356 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Ўзбекистонлик куёв тўйи куни келинга мушт туширди

Ўзбекистон анча ўзгарди. Ундаги одамлар-чи? Эркаклар-чи? Аёллар ҳамон уйида, иш жойида, кўча-кўйда эркаклардан мушт ейишда ва бу ҳақда миқ этмасликда давом этяптими? 2021 йилда 39 мингга яқин опа-сингилларим оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўравонлик ҳақида хабар берган ва бу 2020 йилдагига қараганда 2,5 бараварга кўп. Андиша қилиб, уйидаги гапни кўчага чиқармайдиганлар эса минглаб топилади. Жумладан, сурхондарёлик янги келинчак ҳам. Агар унинг тўйида эридан мушт егани тасвири телефон орқали тарқалиб, то Германияю Кореяга етиб бормаганда, ёпиқ қозон ёпиқлигича қолиб кетаверармиди?!

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманида янги келин ва куёвнинг тўй вақтида олинган видеоси тарқалди. Унда икки ёш никоҳ кечасига тўпланган меҳмонлар қаршисида кичик ўйин ўйнайдилар. Келин шартни биринчи бўлиб бажаради ва ғолиб бўлади. Мағлублик аламига чидай олмаган куёв эса меҳмонлар қаршисида бор кучи билан келиннинг бошига мушт туширади. Келин каловланиб, йиқилай дейди. 

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокама майдонининг асосий мавзусига айланиб, Ғарб нашрларигача етиб борди. Хусусан, Германиянинг оммавий “Bild” нашри ушбу видео орқали Ўзбекистонда аёллар билан боғлиқ ҳолатга баҳо бериб, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳар куни нон сотиб олишдек оддий ҳол экани ҳақида ёзди. 

Орадан кўп вақт ўтмай, тўйда келинни урган куёвнинг иши судга оширилгани малум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан қуёвга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Шунингдек, бу ҳолатга Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган, тўй вақтида куёв келинни ургани каби ҳолатларга бир-бир бўлиб туради-да, дея оддий қараш мумкин эмаслигини таькидлади.

Сўнги маьлумотларга кўра, тўй куни турмуш ўртоғидан мушт еган келин, куёв билан ярашиб, ҳаётини давом эттирмоқда. 

Эрдўғаннинг куёви дунё уруш майдонига янги қирувчи самолётни киритяпти

“Baykar Teknoloji” лидери Селчук Байроқдор Туркиянинг янги жанговар ҳарбий самолёти – “Қизил олма”нинг бўёқдан чиққан тайёр ҳолати суратини эълон қилди. 

“Қизил олма” – Туркияда жойлашган учувчисиз ҳаво воситалари ишлаб чиқарувчиси “Baykar Teknoloji” томонидан дизайн ва ишлаб чиқиш ишлари давом этаётган турбофан двигателли учувчисиз қирувчи самолётдир. 

“Асалҳоней”нинг қотили ҳибсга олинди

Хабарингиз бор, инста-блогер Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни  Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилган эди.

Маьлумотга кўра, “Асалҳоней” қотиллиги буйича жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиш арафасида. Айбланувчи қамоққа олинган.

Осиё кубоги U-23: Ўзбекистон Японияни мағлуб қилиб, финалга йўл олди

Жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида футбол бўйича Осиё кубоги U-23нинг ярим финал учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси Япония ёшларига қарши майдонга тушди.

Баҳснинг дастлабки бўлимида жамоалар нисбатан эҳтиёткор ҳаракат қилди. Кескин ва ҳужумкор ўйин кузатилмади. Ўзбекистонликлар асосан қарши ҳужумга таяниб ўйнади ва 88-дақиқада Ҳусаин Норчаев ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўйди. Шу тариқа, ўйинда бошқа ҳисоб ўзгармади. Финал баҳсида Ўзбекистон U-23нинг рақиби Саудия Арбистони U-23 термаси бўлади.

2022/2023 ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ “2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Унга кўра ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари умумий квотаси 121 395 нафар этиб белгиланди. 

Шунингдек, 2022/2023 ўқув йили учун ҳам абитуриентларга 5 тагача таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. 

Қолаверса, эндиликда давлат олийгоҳлари магистратурасига киришда мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди. 

Давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди. 

Абдулазиз Комилов янги лавозимга тайинланди

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Абдулазиз Комилов Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан янги лавозимга тайинланди. 

Президент Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, Комилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимини эгаллаган.

Абдулазиз Комилов сўнгги бор Ташқи ишлар вазири сифатида жорий йилнинг 17 март куни Сенат ялпи мажлисида кўриниш берган эди.  

Аёл чақалоғини ухламагани учун аёвсиз калтаклади 

Ижтимоий тармоқларда аёл чақалоғини ухлатишга урингани, бироқ у уйқуга кетавермагач, ғазабланиб, унинг бошига бир неча марта тарсаки туширгани, қаттиқ силкитиб, жойига отиб юборгани акс этган видео тарқалди. 

Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 14 июнь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида содир бўлган.
 
Турмуш ўртоғи билан яшаб келаётган 1988 йилда таваллуд топган, руҳий соғлом аёл 2020 йилда туғилган фарзандини даволатиш учун шифохонага олиб борганда у ерда стресс ва асабий ҳолатда фарзандини урган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми "а, в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ОТМдаги билим билан магистратурага кириб бўлмайди – Тошқулов

Хабарингиз бор, 2022-2023 йилдан магистратура босқичига ҳужжат топшириш учун чет тилини билиш бўйича сертификат талаб қилиниши белгиланди. 

QALAMPIR.UZ мухбири Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга  “Хўш, талаба репетиторга фалон пул тўлаб ўқимасдан, университетдаги инглиз тили фанидан орттирган 4 йиллик билимлари билан ҳам IELTS сертификатини олиб, магистратурага кириши мумкинми?”, дея савол бериб, қуйидагича жавоб олди.

“Йўқ, мумкин эмас. Сабаби, биринчидан чет тилидан соатлар жуда кам. Иккинчидан, ҳозир таянч Олий таълим муассасасидан сиз-у бизнинг кўнглимиз тўлмай турибди. Қўшимча, мустақил ўқимаса, у билими билан кира олмаслигининг исботи — ўтган йили чет тилидан имтиҳон топширишни Давлат тест марказида ўтказдик. Кўрсаткичлар жуда паст, жуда”, дейди вазир.

Сергели ер усти метро поезди қисқа туташув туфайли тўхтаб қолди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда қисқи туташув туфайли метро вагонининг бир қисми ёниб кетгани акс видеолавҳа тарқалди. 

Ҳолатга “Тошкент метрополитени” ДУК нинг изоҳ беришича, жорий йилнинг 16 июнь куни соат 20:05 лар атрофида "Ерусти ҳалқа йўли" йўналишининг 6 ва 7-бекатлари оралиғида жойлашган йўл четидаги тўсин тункасининг бир қисми атрофдаги кучли шамол сабабли ўз ўрнидан кўчиши натижасида ҳаракатланиб келаётган ҳаракат таркибининг ток қабул қилиш мосламасига теккан. Бунинг оқибатида эса қисқа туташув содир бўлган.

Президент шифохонада бемор болалар холидан хабар олди

Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига ташриф буюрди. 

Қайд этилишича, марказ шифокорлари Президентга соҳага қаратилаётган эътибор бераётган самаралар, яратилган шароитлардан таассуротлари ҳақида сўзлаб берган.

Давлат раҳбари янги Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг