Судда ютқазган Усмонова, $40 млрддан ошган қарз, санкциялар гирдобида қолган Россия... Ҳафта давомида нималар бўлди?

Жамият

Якунига етиб бораётган ҳафта Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда кўплаб эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистонда галдаги ҳафта магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши ҳақидаги хушхабар билан эсда қолди. Давлатлар Россияга нисбатан янги санкциялар киритишдан тўхтаганича йўқ. Қуйида ҳафта давомида долзарб бўлган воқеаларга эътибор қаратамиз.

Бундан буён Ўзбекистонда магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Сурхондарёдаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврига оид мис тангалар топилди.

Олимлар мазкур ашёлар Ўзбекистон ҳудудидан топилган Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида зарб эттирилган пул тангаларининг энг катта ва яхши сақланган хазинаси эканлигини таъкидлашди.

Украинанинг “қуён бўлган” собиқ Президенти Виктор Янукович Зеленскийга мурожаат қилди

“Мен Владимир Зеленскийга президентлик ва ҳатто бироз оталик билан мурожаат қилмоқчиман. Владимир Александрович, сиз ҳақиқий қаҳрамон бўлишни орзу қилгандирсиз! Аммо қаҳрамонликни кўрсатиб бўлмайди, бу охирги украиналик қолгунча курашиш эмас. Мен жуда яхши тушунаман, сизнинг “маслаҳатчиларингиз” кўп, лекин шахсан сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам қон тўкилишини тўхтатишга, тинчлик келишувига эришишга мажбурсиз”, дейди у.

Россия санкциялар гирдобида қолиш бўйича дунё етакчисига айланди

Жорий йилнинг 22 февралигача Россия санкциялар бобида Эрондан кейин иккинчи ўринда эди. Ўшанда Теҳронга қарши 3616 та, Москвага қарши 2754 та санкция қўйилган бўлса, Сурия 2608 та санкция билан учинчи ўринда бораётганди. Аммо февраль ойидан бери Москвага қарши 2778 та янги санкция жорий этилди ва бу чекловлар умумий сони 5532 тага етди. Айни вақтда Россия Эрондан анча олдинда бормоқда.

“Россияни террористик давлат деб тан олинг”. Зеленский қарсаклар остида Британия парламентига мурожаат қилди

Украина Президенти Владимир Зеленский 8 март куни видеоалоқа орқали Буюк Британия парламентида нутқ қилди.

“Украина бунга интилмади. Буюкликни қидирмади. Аммо урушнинг шу кунларида у буюк бўлди. Босқинчиларнинг даҳшатига қарамай, одамларни қутқарувчи Украина. Дунёдаги энг буюк армиялардан бирининг зарбаларига қарамай, у озодликни ҳимоя қиляпти. Очиқ осмонга қарамай, ўзини ҳимоя қиляпти. У ҳали ҳам Россия ракеталари, самолётлари, вертолётлари учун очиқ. Биз мустақиллигимиз ва Украинамизни йўқотмоқчи эмасмиз. Худди нацистлар мамлакатингизни эгаллаб олишга уринганда, сиз ватанингизни йўқотишни хоҳламаганингиздек”, деган Зеленский. 

Ўзбекистон ташқи қарзи янги рекорд ўрнатди

2021 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи биринчи марта 40 млрд доллардан ошиб 41,6 млрд долларни ташкил қилди.

Қайд этилишича, 2020 йилга нисбатан қарз 12,7 фоизга ошган.

Рус ҳарбийлари Мариуполда “роддом”га артиллериядан зарба берди

Ҳужум жорий йилнинг 9 март куни содир бўлган. Украина Президенти Владимир Зеленский рус ҳарбийлари Мариуполдаги туғуруқ комплексига артиллериядан зарба берганини ваҳшийлик деб атади.

Бунақаси ҳали бўлмаган – Песков Россия иқтисоди танг аҳволдалигини тан олди

“Россияга қарши ҳеч қачон бундай кенг кўламли иқтисодий уруш бўлмаган, мамлакатда нархларнинг ошиши  бўйича прогноз қилишнинг ҳожати йўқ, салбий оқибатлар ва кейинги хавфларни камайтириш учун чоралар кўриш керак”, деган Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.

Юлдуз Усмонова Олий судда ҳам шоирга ютқазди

Жорий йилнинг10 март куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ва шоир Йўлчи Рўзиев билан боғлиқ муаллифлик ҳуқуқига доир иш Олий судда кўриб чиқилди. Иш шоир Рўзиев фойдасига ҳал этилиб, Юлдуз Усмонованинг шикояти қаноатлантирилмади. 

Суднинг ажримига кўра, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2021 йил 29 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди. 

Тергов бўлинмаси бошлиғи ўқотар қуролни йиға олмади 

Жорий йилнинг 10 март куни ижтимоий тармоқларда ўзини Нурафшон шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи Мирали Абдураҳмонов деб таништирган ходим қисмларга ажратилган АК-74 ўқотар қуролини йиға олмагани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га изоҳ берди.

Шоҳруҳ Ғиёсовнинг таъкидлашича, Тошкент вилояти бўйича ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги синовдан ўтказилмоқда. 

Натижаларга кўра, 95 фоиз ходимлар синовдан муваффақиятли ўтган, 3 фоиз ходимлар қайта синов топшириб ўтишган ҳамда 2 фоиз қониқарсиз баҳо олган ходимлар малака ошириш курсларига юборилган.  

Тижорат банкларида доллар курси илк бор 11 000 сўмдан ошди

11 мартдан Ўзбекистондаги тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси илк бор 11 000 сўмдан ошди. Баъзи банклар долларни 11 010 сўмдан сотишни бошлади.

Шунингдек, АҚШ Россиядан олмос ва алкоголь импортини ҳам тақиқлади.

Россия Бош прокуратураси Facebook, Instagram ва WhatsApp'ни экстремистик ташкилот деб тан олишни талаб қилди.

“Россия Федерацияси Бош прокуратураси “Экстремистик фаолиятга қарши курашиш тўғрисида”ги федерал қонунга мувофиқ, судга Meta Platforms Inc.ни экстремистик ташкилот деб тан олиш ва унинг Россия Федерацияси ҳудудида фаолиятини тақиқлаш тўғрисида ариза юборди", дейилади ҳисоботда.


Мақола муаллифи

Теглар

қарз Юлдуз Усмонова Зеленский

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг