Ғилдираклар остида қолган тақдирлар
Жамият
−
14 Октябрь 2021
9081Бугун ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда деярли ҳар куни кимдир йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмади. Бу ҳолат Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қарийб 1700 нафар фуқаро ЙТҲда вафот этди.
Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, 9 ой мобайнида 6551 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу ЙТҲларида минглаб одамлар жароҳатланди. Қанчадан қанчаси бир умрга ногирон бўлиб қолди. Кимдир отасидан, кимдир онасидан айрилди. Ҳали вояга етмаган гўдаклар тупроққа қўйилди.
Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг октябрь ойига қадар ЙТҲ оқибатида 5920 нафар одам жароҳатланиб, баъзилари бутун умрга тўшакка михланиб қолган, 1682 киши эса энди орамизда йўқ.
Ижтимоий тармоқларда битта машина бутун бир оиланинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, юрагингиз орқага тортиб кетади.
Бугун 15 октябрь куни 2021 йилда юз берган мудҳиш автоҳалокатларни эсга оламиз.
21 сентябрь куни Андижон шаҳри, Боғишамол даҳасида Tracker иштирокидаги аянчли йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 нафар талаба бевақт ҳаётдан кўз юмди.
1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида Damas автомобили юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Оқибатда машина салонида бўлган ҳайдовчининг фарзанди ҳалок бўлди.
19 сентябрь куни Хоразмда Tasuma автомобили Isuzu билан тўқнашиб, 4 киши вафот этди.
28 июнь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида катта тезликда ҳаракатланиб келаётган Lacetti автомобили дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи бу ҳаётдан кўз юмди.
18 сентябрь куни Андижонда 6 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда Damas автомобилида келаётган йўловчи вафот этди.
11 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида Matiz 13 ёшли қизни уриб юборди.
1 июль куни Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида Isuzu русумли автобус ва Damas тўқнашиши натижасида икки киши ҳалок бўлди.
27 июнь куни Навоийда Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси ухлаб қолиб, қарама-қарши йўлда ҳаракатланиб келаётган Howo юк машинаси билан тўқнашди. Оқибатда икки киши вафот этди.
24 май куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида Nexia-2 йўл четида бораётган 6 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборди. Оқибатда ўқувчилардан 4 нафари олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлди.
24 май куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 8 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда 5 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этди.
11 май куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри яқинида 3 та автомобиль иштирокидаги мудҳиш йўл-транспорт ҳодиса натижасида 6 киши ҳалок бўлди.
19 апрель куни Тошкент шаҳри Беруний кўчасида Matiz ва Nexia-3 тўқнашиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди.
27 март куни пойтахт Тошкентда рўй берган мудҳиш ЙТҲ 2 кишини ҳаётдан олиб кетди.
23 февраль куни Фарғона вилояти Фарғона туманида Lacetti-2 ва Matiz иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар аёл ҳалок бўлди.
8 февраль куни Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида Cobalt ва Lada русумли автомобиллар тўқнашувида икки киши ҳалок бўлди.
10 январь куни Андижон вилоятининг Асака туманида тез тиббий ёрдам машинаси ва Cobalt ўртасида тўқнашув юз берди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ЙТҲда қурбон бўлганлар орасида ҳамкасбимиз, “Халқ сўзи” газетаси мухбири Саиджон Махсумов ҳамда Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев ҳам бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь