Олимпиадага йўлланма олганларга берилмаган миллионлар. МОҚ муносабат билдирди

Спорт 2781
image

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ўз расмий сайтида “Озодлик радио”сида чоп этилган “Токиога йўл олган ўзбек енгил атлетикачилари Президент ваъда қилган мукофот пулини кутмоқда” номли мақола юзасидан расмий муносабат билдирди.

“Ўзбекистонлик спортчиларни 2020 йилги Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган спортчига 100 миллион сўм, унинг мураббийига эса 50 миллион сўмлик рағбатлантириш пули берилиши белгиланган. Ушбу ҳужжатга асосан, 17 спорт тури бўйича 71 та лицензияни қўлга киритган миллий терма жамоа вакилларидан 64 нафарига 100 миллион сўмдан ҳамда уларнинг мураббийларига 50 миллион сўмдан бир марталик рағбатлантириш пули тақдим этилди. “Озодлик” мақоласида илгари сурилган “Олимпия қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси раҳбарияти турли баҳоналар билан енгил атлетикачилар ва уларнинг мураббийларига Президент қарорида белгиланган рағбат пули берилмаяпти”, мазмунидаги даъво ҳақиқатга тўғри келмайди”, деб ёзади МОҚ расмий сайти.

Ушбу гапдан сўнг матбуот хизмати бир қанча фактлар орқали буни исботлашга уринган. Унга кўра, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Миллий Олимпия қўмитасига мурожаат қилган ва бир қанча сабабларни келтириб, спортчиларни муҳим машғулотлардан чалғитмаслик мақсадида уларга ҳамда уларнинг мураббийларга бериладиган мукофот пулларини Олимпия ўйинларидан қайтгач, топширишни илтимос қилган.

Баёнотда олимпия йўлланмасини қўлга киритган енгил атлетикачилардан Светлана Радзивил Миллий олимпия қўмитаси ва Тошкент шаҳар хокимлиги томонидан 100 миллион сўмдан жами 200 миллион сўм, мураббийи 50 миллион сўм, Сафина Саъдуллаева Сирдарё вилояти хокимлиги томонидан 100 миллион сўм, Сухроб Ходжаев Тошкент шаҳар хокимлиги томонидан 100 миллион сўм, Даря Резниченко Тошкент шаҳар хокимлиги томонидан 100 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирлангани айтилмоқда. 

Бундан ташқари, айни пайтда қолган енгил атлетикачилар ва уларнинг мураббийларига ушбу маблағларни бериш чоралари кўрилаётгани ҳам маълум қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 июндаги ПҚ-5160–сон қарорига асосан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида олтин медаль олган спортчилар учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилиши ҳам кўзда тутилган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 3.1
t
×