Назарбоев номи Конституциядан ўчирилишига муносабат билдирди
Олам
−
30 Май 2022
9310Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев 5 июнь куни бўлиб ўтадиган референдум натижасига кўра, мамлакат Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлайди. Бу ўзгаришларнинг бир қисми унинг номини мамлакатнинг асосий қонунидан олиб ташлашни кўзда тутади. Бу ҳақда Назарбоев сиёсий таҳлилчи Данияр Ашимбаев билан суҳбатда айтиб ўтди.
“Ҳа, 5 июнь куни мен Конституция томонидан берилган ҳуқуқимдан албатта фойдаланаман ва референдумда қатнашаман... Шу йиллар давомида мен унинг (Президент Қосим-Жомарт Тўқаевни – таҳр.) мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш йўлидаги ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганман. Бу сафар ҳам мен қўллаб-қувватлашимга шубҳа йўқ”, дейди Назарбоев.
Назарбоев, шунингдек, президентликдан кетганидан сўнг маълум ваколатларнинг сақланиб қолиши “сиёсий ўтиш даврининг силлиқ кечиши ва жамият ҳамда ҳукмрон элитада юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликларни юмшатиш учун” зарур бўлганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Назарбоев Ашимбаев билан суҳбатда қариндошларининг айблари суд томонидан исботланса, улар ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши кераклигини айтиб ўтган.
Маълумот учун, Назарбоевга қатор имтиёз ва ваколатлар берувчи "Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида"ги қонунни бекор қилиб, унинг мақомини бош қонунда белгилаб қўйиш режалаштирилаётганди. Бироқ кейинроқ унинг номини Конституциядан буткул чиқариб юбориш таклиф қилинди.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.