Назарбоевнинг куёвлари йирик давлат компаниялари раҳбарлигидан “учди”
Олам
−
15 Январь 2022
13887Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёвлари Кайрат Шарипбаев (Элбошининг катта қизи Дариғанинг турмуш ўртоғи ҳисобланади) ва Димаш Досанов (Алия Назарбоеванинг турмуш ўртоғи) мамлакатдаги йирик энергетика компанияларидан бўшатилди.
Кайрат Шарипбаев Дариға Назарбоеванинг “турмуш ўртоғи” ҳисобланади. У Элбошининг тўнғич қизи билан никоҳланганидан кўп ўтмай “КазТрансГаз миллий компанияси” Аж бошқарув раиси этиб тайинланганди.
Димаш Досанов “Казтрансойл” Аж бош директори ва бошқарув раиси лавозимидан озод этилган. У 2016 йил 6 август куни Назарбоевнинг кенжа қизига уйланганидан кўп ўтмай юқори лавозимга тайинланган эди.
Аввалроқ, Алия Назарбоева кутилмаганда Instagram ва Facebook’даги аккаунтларини ўчириб ташлагани ҳақида хабар берган эдик. Бу Алия Назарбоева Қозоғистондаги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар ҳақида оиладан биринчи бўлиб изоҳ бергани ва оммавий ахборот воситалари унинг ватанини тарк этгани ҳамда БААда эканлигига эътибор қаратганидан кўп ўтмай содир бўлган.
Алия Назарбоеванинг Дубайга жўнаб кетгани ҳақида унинг Instagram аккаунтидаги маълумотлар дарак берганди.
Маълумот учун, 2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбошини рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.