Назарбоевнинг кенжаси “ғойиб бўлди”
Олам
−
14 Январь 2022
11519Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева кутилмаганда Instagram ва Facebook’даги аккаунтларини ўчириб ташлади ёки уларга киришни бутунлай чеклаб қўйди.
Унинг саҳифаларига киришга уринаётган фойдаланувчилар энди “Контент ўчириб ташланган ёки унга кириш чеклаб қўйилган бўлиши мумкин” ва “Сиз нотўғри ҳаволадан фойдалангансиз ёки саҳифа ўчирилган бўлиши мумкин” деган хабарларни кўради.
Бу Алия Назарбоева Қозоғистондаги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар ҳақида оиладан биринчи бўлиб изоҳ бергани ва оммавий ахборот воситалари унинг ватанини тарк этгани ҳамда БААда эканлигига эътибор қаратганидан кўп ўтмай содир бўлган.
Алия Назарбоеванинг Дубайга жўнаб кетгани ҳақида унинг Instagram аккаунтидаги маълумотлар дарак берганди.
Қозоғистоннинг собиқ Президентининг кенжа қизи 41 ёшда. У бизнес, ижтимоий фаолият, хайрия ва кино ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2017 йилнинг ноябрь ойидан буён мамлакатда ташкил этилган Экологик ташкилотлар уюшмаси раҳбари лавозимини эгаллаб келади.
Маълумот учун, 2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбошини рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Эслатиб ўтамиз, намойишлар давом этаётган бир пайтда Алия Назарбоева Буюк Британия фуқаролигини олиш мақсадида мамлакатдан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетган ва Лондондан уй сотиб олган.
LiveБарчаси