Назарбоевнинг қизи Британия фуқаролигини олиш учун қаср харид қилган
Олам
−
10 Январь 2022
14654Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева Буюк Британия фуқаролигини олиш мақсадида мамлакатдан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетган ва Лондондан уй сотиб олган. Бу ҳақда “The Sunday Telegraph” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева 2006 йилда Британия фуқаролигини олиш ниятида Лондон шимолидан сарой сотиб олган. “The Sunday Telegraph” нашрининг аниқлик киритишича, ушбу харид 41 ёшли Алия Назарбоеванинг республикадан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетганидан кейинги энг муҳим харидларидан бирига айланган. Ушбу катта ҳажмдаги ҳаражат Алия Назарбоеванинг қариндоши ва унинг молиявий маслаҳатчилари ўртасида можаро келиб чиққанидан кейин маълум бўлган.
Аниқлик киритилишича, Алия 8,75 миллион фунт стерлинг Хайгейт ҳудудидан, яна 14 миллион доллар Дубайдан уй сотиб олишга сарфлаган. Бундан ташқари, сиёсатчининг қизи қиймати 18 миллион фунт стерлинг бўлган Bombardier Challenger ҳашаматли самолётининг эгасига айланди.
Маълум қилинишича, ҳашаматли уйлар ва самолётни сотиб олиш Алия ва унинг молиявий вазифаларни ҳал қилишга ёрдам берган маслаҳатчилари ўртасида низо келиб чиққандан кейин маълум бўлди. Таъкидланишича, 165 миллион фунт стерлинглик даъвони акс эттирган жанжал кейинчалик махфий келишув билан ҳал қилинган.
“The Sunday Telegraph”нинг ёзишича, 2006 йилда Назарбоева ўз ихтиёридаги акциялар пакетларининг бир қисмини сотган ва улар учун тахминан 325 миллион доллар олган. Маслаҳатчилар хизматидан фойдаланиб, у Лихтенштейнда фонд ташкил қилган ва маслаҳатчиларига 150 миллион доллар ишониб топширган. Кейинчалик у маслаҳатчиларни тузилган шартномаларни бузганликда ва у орқали ноҳақ йўл билан қўшимча даромад олганликда айблаган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси