Ўзингдан чиққан балога. Сенаторлар Назарбоевни ваколатларидан маҳрум этишга оид қонунни маъқуллади
Олам
−
02 Февраль 2022
11234Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.
Қонун лойиҳасида “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши”, “Қозоғистон халқи Ассамблеяси тўғрисида”ги ва “Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида”ги конституциявий қонунларга ўзгартиришлар киритилган. Унда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон Халқ Ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи тузатишлар киритилган.
Шунингдек, парламент депутатлари давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича давлат ташаббусларини Элбоши билан мувофиқлаштириш зарурлигини бекор қилишни таклиф қилган сенаторлар томонидан қонун лойиҳасига киритилган тузатишларни ҳам қўллаб-қувватлаган.
Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти муҳим масалаларни муҳокама қилишда парламент ва ҳукумат олдида сўзлаш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Қонун имзолаш учун Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга юборилади.
Назарбоевга теккан назар
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрь ойида сиёсий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида Нурсултон Назарбоев “Нур Отан” партияси раиси ваколатларини топширишга қарор қилган эди. У партияни мамлакат Президенти бошқариши кераклигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 2019 йил март ойида лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширган.
Жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликлар ортидан Назарбоев Президент лавозимидан кетганидан кейин ўзида сақлаб қолган лавозимларни бирин кетин топширди. Буларнинг орасида Хавфсизлик Кенгаши раиси, Халқ Ассамблеяси раиси лавозимлари бор.