Элбошига урилган “тарсаки” ёхуд қайтар дунё

Таҳлил

image

 “Ҳокимият ўзганинг соясини ҳам сиғдирмайди” 

Жорий йил бошида Қозоғистонда бошланган талатўплар бутун дунё афкор ахборот оммасини ўзига қаратди. Газ нархининг оширилиши важи билан кўчаларга чиққан оламон оқибатда газ ва бензин нархининг тушишига эришса-да, кўнгли тинчимади. “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” деганлари шу бўлса керак. Тинч намойишлар қонли тўқнашувларга, қуролли қўпорувчилик ҳаракатларига айланиб кетди. Бунда одам ўлдирилди, бунда ҳокимлик ёқиб юборилди, бунда Элбоши саройига ўт қўйилди, бунда Назарбоев ҳайкали қўпорилди, бунда бегуноҳ, ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган болалар қурбон бўлди. 

Ҳаққини сўраган халқни террорчи дейдиганлар доим топилади. Бу сафар ҳам топилди. Бандит дедилар. Террорчи тамғасини қўйдилар. Албатта, оддий одамлар норозлигидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолган кучлар бўлди. Ҳа, аслида улар намойишлардан катта фойда кўрди. Улар халқнинг қўлига қурол тутқазди. Улар қозоқ фуқаросини қардоши, қондошига қарши қайради. Улар бир неча кечада юзлаб одамларнинг ўлим сценарийсини тузиб берди.

Айрим сиёсатчилар бу воқеаларни Ғарб уюштирган деди. Бошқалар эса Қозоғистон фожиаси Назарбоев раҳбар икки бошлилилик сиёсати оқибати экани ва бу аввалдан башорат қилинганини айтди. 

Бир тарафдан Тўқаев Президент курсисига ўтирдию аммо курсинини тутиб турган оёқлар Назарбоевга хизмат қилаётгандек эди. Назарбоев курси оёқларига боғланган ипни бўшатса, курси Президентлик столига яқинроқ келиб, Тўқаевнинг давлатни бошқаришига изн беради. Ип тортилса, у столдан яна узоқлашади. Бундан Тўқаевнинг ўзи ҳам анча эзилган бўлса, не ажаб. Ахир фақат Президент номини елкангда ташисангу вазифа ва ваколатлар аслида бошқа қўлда бўлса, бу ном елкангга ҳам ортиқча юк бўлади. Шундай экан, Қозоғистон воқеаларига қараб туриб савол туғилади: Қозоғистондаги фожианинг содир этилишидан Тўқаевнинг хабари бўлганми? Бу бир вақтлар Назарбоевнинг устози Динмухамед Кунаевга қилганларининг такрорланиши, қайтар дунё эмасми? 

Қўғирчоқбоз Назарбоев

2019 йил 20 март куни Қозоғистон Парламент биносида муҳим тарихий воқеа юз берди. Мамлакатни 30 йилдан буён бошқариб келган Нурсултон Назарбоев кутилмаганда Президентлик ваколатларини Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди. Бир томондан қараганда, Назарбоев ҳақиқатан ҳокимиятдан кетгандек кўринди. Аммо бу одамларни кўзини шамғалат қилиш учун қилинган бир найранг эди. Сабаби Назарбоев тахтиравондан тушган бўлса-да, ҳокимиятнинг энг муҳим бошқарув ричагларини ўзида қолдирганди. Ахир ким ҳам ҳокимиятни шунчаки ташлаб кетишни истарди?!

Шу ўринда “қандай қилиб”, деган савол пайдо бўлиши, табиий. Назарбоев буларни узоқ йиллар давомида пишитиб келган. Хусусан, у 2018 йилда Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгашини тузиб, Президентнинг айрим ваколатларини Хавфсизлик Кенгаши раисига ўтказди. Бу билан у бўлажак Президентнинг устидан мутлақ назорат ўрнатди.

Хавфсизлик Кенгашининг асосий вазифаси миллий хавфсизликни таъминлаш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини режалаштириш, кўриб чиқиш ва амалга оширилишини баҳолаш ҳисобланади. Хуллас мамлакат армияси, Миллий хавфсизлик кучлари, ички ишлар, Хавфсизлик Кенгаши раисининг қўлида тўпланган. Агар Президент Хавфсизлик Кенгашининг таркибини ўзгартирмоқчи бўлса, бевосита Кенгаш раиси билан келишган ҳолда, бу ишни амалга ошириши керак эди. 

2019 йил 12 февраль куни Хавфсизлик Кенгаши тўғрисидаги Низом Қозоғистон Республикаси Президентининг 838-сонли қарори билан тасдиқланди. 2019 йилга келиб Назарбоев асосий бошқарув кучини Хавфсизлик Кенгашининг раисига ўтказиб, ўзини умрбод Кенгаш раиси этиб тайинлади. Энди Назарбоевга тепки еса ҳам овози чиқмайдиган, айтганини сўзсиз бажарадиган, хоҳлаганича ўйната оладиган бир қўғирчоқ керак эди. У бу лавозимга бир кўринишда оғир-босиқ Тўқаевни танлади. Моҳият бир қарашда оддий одамга кўринмайдиган жараён.

Назарбоев Президентликдан кетгач, нималар қилди?

Отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган Назарбоев Президентлик ваколатларини Тўқаевга топширган бўлса-да, ўзида Қозоғистон Халқ Ассамблеяси раиси, Хавфсизлик Кенгаши раиси, Конституциявий Кенгаш аъзоси ва ҳукмрон “Нур Отан” партиясининг раиси лавозимларини сақлаб қолди. Бу лавозимлар собиқ Президентга мамлакатдаги қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти устидан мутлақ назорат ўрнатиш ваколатини берди. Қисқа қилиб айтганди, номи Президент бўлмаган “президент”. 

Президентлик курсисидан кетибоқ, Назарбоев “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунга кўра, Элбоши мақомини олди.

Тўқаевни Президентликка кўтарган Назарбоев, бўш қолган Сенат раиси лавозимини ўзининг севимли фарзанди Дариға Назарбоевага туҳфа қилди. Агар сочига оқ оралаган Тўқаевга бирор кор-ҳол бўлиб қолса, Президент ваколатлари бегона қўлга ўтмайди, тўғридан-тўғри Дариға Назарбоева эга чиқади. Балки Назарбоев ўз арзандасини шу йўл билан Президент қилмоқчи бўлгандир. Ҳар ҳолда шундай миш-мишлар ҳам тарқалганди.

Аммо бу лавозимда Назарбоева узоққа бормади. Бир ярим ой ўтар ўтмас, номаълум сабаблар билан Назарбоева лавозимидан озод этилди. Мамлакатда эса Назарбоев гўё курсидан кетиб, бутун кучни қўлида олиб қолгани, камига қизини Сенат раиси этиб тайинланишига бош-қош бўлгани норозиликларга сабаб бўлиб, халқнинг эътирозини орттириб бораётгани эди. Олдинда эса Тўқаевни Президент сайлови кутаётганди. Мамлакатни бундай вазиятга оловга отишдан, Дариға Назарбоевани ўйиндан четга чиқариш ва халқни гўё янги давр бошланганига ишонтириш энг тўғри қарор. Бироқ одамлар барибир янги давр бошланганига ишонмасди. Ҳар ҳолда сайлов тинч ўтгани йўқ. Сайлов куни натижалар сохталаштирилаётгани, Тўқаев аслида Назарбоевнинг одами экани айтилиб, намойишлар бўлиб ўтди. 

Элбоши рутбасига чиққан Назарбоевга Қозоғистон халқига, давлат органларига, мансабдор шахсларга мамлакат хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим ташаббуслар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Унинг ташаббуслари давлат томонидан тезда кўриб чиқилиши шарт эди.

Президентликдан кетган Назарбоев доим хорижий мамлакатлар Президентларининг азиз меҳмони бўлди. Халқаро йиғилишларга Тўқаев уйда қолиб, Назарбоев борар эди. Хусусан, 2019 йилда собиқ Президент Нурсултон Назарбоев Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Назарбоев Москвага бориб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан кўришди. Октябрда эса Бакуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида мамлакат раҳбари қаторида иштирок этди, нутқ сўзлади

Бундан ташқари, 2020 йилнинг февраль ойида Элбоши АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашди. 

Албатта, бу каби ҳолатлар Тўқаевнинг жаҳлини чиқарган бўлиши мумкин. Ахир у Элбошининг соясида қолиб кетаётган эди. Бунга ўзи парво қилмаса ҳам атрофда аллақачон шивир-шивир бошланганди.

Ҳокимиятга сохта Президентни ўтказиб, унинг қўл-оёқларини боғлаб қўйган Элбоши энди ўз номини абадийлаштиришга эьтибор қаратди. Қозоғистоннинг турли шаҳарларида Назарбоевнинг бюстлари, унинг кафт изи туширилган олтин ёдгорлик ўрнатилиб, одамлар манипуляция қилинди. “Агар кимки олтиндан ишланган Элбошининг кафтини ўпиб, орзу қилса, у албатта, амалга ошади”, деган ғоя бутун халқнинг онгига сингдирилди. Вазият шунчаликка етдики, Назарбоев супермен даражасига кўтарилди.

Қўғирчоқнинг ўз хожасини тишлаши

2022 йил 2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти аҳолиси суюлтирилган газ нархининг ошиши ортидан бош кўтарди. Қисқа вақт ичида намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Газ ва бензин нарзи яқин олти ойда кўтарилмайдиган бўлиб тушди. Нарх-наво пасайиши бошқа нарсаларга ҳам таъсир қилди. Лекин одамлар тинчмади. Уларнинг асл мақсади на газ, на чироқ эди. Халқ “Чол, кет” деб Назарбоевнинг кетишини талаб қилди. Ўз халқининг ғазабига дучор бўлган Элбоши 5 январь куни истеъфога чиқди. Оммавий намойишлар фонида икки раҳбар ўртасида координациянинг йўқлиги яққол кўринди. Балки бу намойишлар Президент томонидан Назарбоевни йўқотиш учун қилингандир. Ахир Элбоши ортидан бир гала амалдорлар ҳам унинг ортидан учиб кетди-ку.

Назарбоев йўқлигида отни қамчилаб қолган Тўқаев, давлат бошқарувидаги  Элбошининг одамларини бирма-бир ўйиндан чиқарди. Биринчи галда Асқар Мамин бошчилигидаги Қозоғистон ҳукуматини ўйинда мағлуб этди. Шундан сўнг Назарбоевнинг энг ишонган одамларидан бири – Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилиб, давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди. Унга икки ўринбосари ҳам шерик қилинди. Бундан ташқри, Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – устозининг жияни Самат Абишни ҳам лавозимидан озод этди.

Намойишлар тезда кескинлашиб кетди. Бу шуни кўрсатадики, у олдиндан тайёрланган. Назарбоев Хавфсизлик Кенгашидан расман истеъфога чиққач, Тўқаев дарҳол Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўради. Ҳар вақт ёрдамга шай “катта оға” бу чақириққа лаббай деб жавоб берди. Бу ҳам олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкин. Шу ўринда “нега Тўқаев КХШТдан ҳарбий ёрдам олди?”, деган савол пайдо бўлиши табиий. Бунинг жавоби эса оддий. Тўқаевда ҳеч қандай ҳарбий куч бўлмаган. Мамлакатдаги барча куч ишлатар тузулмалар Назарбоевга бўйсунган. Агар хавфсизлик кучлари, мудофаа ва Ички ишларнинг халқ пулига, давлат ғазнаси ҳисобидан келган қуроллари Тўқаевга ўқталинса борми, уни ҳимоя қиладиган кимса топилмасди. Шундай бўлишига бир баҳя қолди. Олма-отадаги вазият оғирлашиб, отишмалар товуши Президент саройи яқинигача келгач, Тўқаев КХШТга мурожаат қилди. Яъни КХШТ кучлари Қозоғистонга Тўқаевни чин маънода иқтидорга кўтариш учун киритилди.

Тўқаев ва Назарбоев ўртасидаги олди-бердилар

Намойишлар вақтида Назарбоев ҳақида турли хил гап-сўзлар тарқалди. Баъзи хабарларда у БААга кетгани таъкидланди. Ҳатто, уни ўлдига ҳам чиқаришди. Лекин у тириклигини видеомурожаатлар билан исботлашга уринмоқда.  

Маълумотларга кўра, Назарбоев ҳеч қаерга кетмади ва сўнги нафасгача Тўқаев билан парда ортида ҳокимият учун курашди. Бироқ Элбошининг ҳокимиятдаги устунлари аллақачон қўпорилган эди. Бундан ташқари, кимсан “катта оға” Тўқаевни қўллаб турганида Назарбоевга йўл бўлсин. Бир сўз билан айтганда, бир томондан халқ, иккинчи томондан Тўқаев Элбошининг юзига яхшигина мушт туширди. Нокдаун ҳолатига туширилган Назарбоев нима қилишни билмай қолди. Кўп ўтмай, Элбоши ва унинг оиласини дахлсизлик ҳуқуқларидан маҳрум этиш талаби билан петиция ташкил этилди.

19 январь куни Қозоғистон қуйи палатаси “Мажлис” вакиллари Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевни барча лавозимларидан умрбод озод этиш ҳақидаги қарорни маъқуллади.

Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди. “Ёлғоннинг минг йил даврони, ҳақиқат айтилган бир онча бўлмас”, деганлари шу бўлса керак. Назарбоев ҳайкаллари қўпорилди. Қизлари лаш-лушини йиғиштириб, қочди. Халқ дод солиб кўчаларга чиққан маҳал Алия хоним Лондондан 300 миллион долларга сарой харид қилди. 

Сўнгги нафасгача курашган Назарбоев ўзида Конституциявий кенгаш аъзоси бўлиш, шунингдек, ҳукумат ва парламентда сўзлаш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Хулоса қилиб айтганда, Назарбоев ўзи ўйлаб топган бошқарув тизимининг қурбони бўлди. Ахир қаерда кўргансиз, иккита қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнаганини? Албатта, бир мамлакатда икки ҳукмдор бўлиши иложсиз. Зеро ҳокимият ўзганинг соясини ҳам сиғдирмайди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2505

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг