Назарбоев имтиёз ва ваколатларидан айрилади 

Олам

image

Қозоғистоннинг собиқ Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевга қатор имтиёз ва ваколатлар берувчи "Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида"ги қонунни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда парламент Мажилиси (қуйи палатаси) спикери Ерлан Кошанов маълум қилди.  

“Ўзгартиришлар Элбоши мақомини истисно қилади. Назарбоевнинг давлат асосчиси сифатидаги роли Конституцияда қолади. Бу норма қабул қилинганидан кейин Биринчи Президент тўғрисидаги конституциявий қонун ҳам ўз кучини йўқотади”, деган Кошанов. 

Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев 2019 йилнинг 20 мартида президентликдан кетган. У Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисидаги қонунда мустаҳкамланган бир қатор ваколат ва имтиёзларни ўзида сақлаб қолган. 

Ушбу конституциявий қонун Назарбоевнинг сиёсий ва ҳуқуқий мақомини, давлат раҳбари ваколатларини амалга оширишни тугатгандан кейин унинг имтиёзлари ва кафолатларини белгилайди. Ҳужжатда Биринчи Президентнинг мақоми ва ваколатлари, унинг дахлсизлигига оид нормалар мавжуд. 

Шундай қилиб, у Президентнинг ваколатларини амалга ошириш даврида содир этган, улар тугатилгандан кейин эса Биринчи Президент сифатидаги мақомини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. 

Назарбоев, шунингдек, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши ва қамоқда сақланиши, тинтув қилиниши, сўроқ қилиниши ёки шахсан тинтув қилиниши мумкин эмас. Дахлсизлик Назарбоевга ва у билан бирга яшовчи оила аъзоларига тегишли бўлган барча мулкларга тааллуқлидир. Бундан ташқари, қонун ўз фаолиятини, жумладан, алоқа, хавфсизлик, уй-жой, транспорт, тиббий ва санаторий-курортда даволаниш, пенсия ва суғурта ҳуқуқидан фойдаланишни таъминлашни тартибга солади.


Мақола муаллифи

Теглар

Назарбоев

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг