Назарбоев ҳақидаги маълумотлар давлат сири сифатида сақланади
Олам
−
13 Декабрь
1829Қозоғистон Сенати кеча, 12 декабрь куни ўтказилган ялпи мажлисда "Давлат сирлари тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. Бу ҳақда “Vlast” хабар берди.
Ушбу ўзгартиришларга кўра, собиқ президентларнинг, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ҳақида соғлик ва шахсий ҳаётга оид маълумотлар давлат сирлари тоифасига киритилади ва уларни тарқатиш тақиқланади.
“Мазкур ҳужжат энди амалдаги Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев имзосига юборилади”, дейилади хабарда.
Нашрнинг қайд этишича, давлат сирлари билан боғлиқ ўзгартиришлар бошқа қонун лойиҳасига киритилган ва мажлисда муҳокама пайтида улар ҳақида умуман гапирилмаган. Бунинг ўрнига депутатлар “Келажак” ягона ихтиёрий жамғарма тизимини яратишни ҳужжатнинг асосий мақсади сифатида кўрсатган. Шу билан бирга, журналистларнинг ушбу маълумотни яшириш зарурати ҳақидаги саволларига на ҳукумат, на парламент вакиллари аниқ жавоб бера олган.
Маълумот учун, Қозоғистоннинг мустақил тарихи давомида мамлакатда президент фақат бир марта ўзгарган. Собиқ давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев 2019 йил март ойида лавозимини тарк этган бўлсада, кўплаб имтиёзларни сақлаб қолган. Аммо вазият 2022 йил январь ойидаги норозилик намойишларидан сўнг ўзгариб кетган.
2023 йил бошида Назарбоев “Элбоши” мақомидан маҳрум қилинган. Буни барча депутатлар ва сенаторлар қўллаб-қувватлаган. 15 февраль куни Президент Тўқаев собиқ президент тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолаган. Қозоғистон Адлия вазири Азамат Ескараевнинг айтишича, мазкур қонун кучини йўқотганидан сўнг Назарбоев оиласи аъзолари мулк ва банк ҳисобларининг дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Шунингдек, 2023 йил июнь ойида Сенат собиқ президентни Назарбоев интеллектуал мактаблари, Назарбоев университети ва Назарбоев жамғармасининг олий кенгаши раҳбари мақомидан маҳрум қилувчи тузатишларни қабул қилган.
LiveБарчаси