Қовун туширган “Bloomberg”, Қозоғистондаги митинг, раққосалар билан “вақтичоғлик” қилган мансабдор... 5 февралда нималар бўлди?
Таҳлил
−
05 Февраль 2022
13015Жамият
Интерпол халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик аёлни БААда ушлади
Тошкент Интерпол Миллий марказий бюроси Абу-Даби (БАА) Интерпол Миллий бюроси билан биргаликда Одам савдосида айбланиб, қидирувга берилган аёлни ҳибсга олди ва Ўзбекистонга депортация қилди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Айбланувчи сотиш ва эксплуатация қилиш мақсадида, яхши маошли иш ваъда қилиб, қизларни БААга олиб борган ва у ерда паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
Аёл Ўзбекистон Республикасини тарк этган, унга нисбатан судланувчи сифатида сиртдан қарор чиқарилган. 2013 йилдан бери у Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувга берилган.
Талабаларнинг қишки таътили кунларини ўзгартириш мумкин бўлади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.
Лойиҳага мувофиқ:
• ҳар йили декабрь ойининг охирги ўн кунлиги ва январь ойининг биринчи ўн кунлиги оралиғида Ўзбекистон Республикаси професссионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш таклифи берилмоқда (бунда таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эгалиги алоҳида таъкидланмоқда);
Самарқандда ўқитувчи пора билан ушланди
Бухоро ва Самарқанд вилоятида фуқароларни техникумга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди. Улардан бири темир йўл техникуми ўқитувчиси бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Бухоро вилояти Олот туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Қ. бошқа бир фуқаро Р.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Бухоро тиббиёт техникумига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлгани аниқланган. У бундай “саховати” эвазига 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қашқадарёда 23 ёшли йигит 4-қаватдан ўзини ташлаб юборди
Жорий йилнинг 29 январь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 23 ёшли йигит 4-қаватдан йиқилиб, вафот этди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят прокуратураси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа 29 январь куни Қарши шаҳри 6-митти туманда жойлашган 9-уйнинг 4-қаватидаги хонадонларнинг бирида содир бўлган. 1999 йилда туғилган О.С. 4-қаватидаги уйнинг ойнасидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган.
“Марҳумнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган”, дейилади хабарда.
“Шовотландия” фожиаси: Адвокат терговда қийноқ бўлганини айтмоқда
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Шовотландия” кафесида содир этилган ёнғин ва унинг оқибатида 5 киши вафот этишида айбдор деб топилган Ф.Сайфиев ва Р.Абдураҳимовнинг оила аъзолари Тошкент шаҳар судига апеллция аризасини киритди. Жорий йилнинг 3 февраль куни ушбу мурожаат асосида илк апеллция суди ўз ишини бошлади. Апелляция суди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда. Унда QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова иштирок этди.
Айбдор деб топилган Р.Абдураҳимовнинг адвокати, Фазлиддин Шерматовнинг айтишича 2021 йил 26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси "Шовотландия" кафеси ёниб кетганидан ҳимояси остидаги Рустам Абдураҳимовни хабари ҳам бўлмаган. У кафе ёнаётган вақтда уйда, оила даврасида эди.
Ўзбекистонга яширинча қурол ва ўқ-дори олиб кираётганлар ушланди
Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари орқали Ўзбекистонга ўточар қурол олиб кираётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар қилди.
Аниқланган ҳолатлардан бирида Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона постига кириб келган фуқаро Е.А. бошқарувидаги Toyota Land Cruiser русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилган.
Натижада, автомашинада тегишли ҳужжатлари ва оғзаки сўровда айтилмаган 1 дона пневматик тўппонча, 2 дона пневматик тўппонча учун газ балон ҳамда 310 дона пневматик ўқлар борлиги аниқланган.
“Исбот бор”. БП Қурилиш вазирлиги порахўр ходими бўйича ёлғон маълумот тарқатганини айтмоқда
Аввалроқ, Хоразмда вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси етакчи инспектори пора билан ушлангани ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига таяниб маълумот берган эдик.
Бунинг ортидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги баёнот бериб, 1000 АҚШ доллари миқдорида пора билан қўлга олинган ходим тизимдан пора билан қўлга тушишидан аввал ишдан бўшатилганини иддао қилиб чиқди.
Ўз навбатида, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳам вазирликнинг раддиясини жавобсиз қолдирмади ва унга муносабат билдирди.
Андижонда ХТБ мудири раққосалар билан “вақтичоғлик” қилаётгани акс этган видео тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани халқ таълими бўлими мудири раққосалар билан банкетда ўтиргани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ мухбири вилоят Халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати билан боғланди.
Вилоят ХТБ расмийси видеодаги шахс ҳақиқатан ҳам Хўжаобод тумани халқ таълими бўлими мудири Шоҳруҳ Ҳамдамов эканини тасдиқлади.
Бироқ, ушбу видео қачон ва ким томонидан олингани маълум эмас. Матбуот котибининг сўзларига кўра, видео эски бўлиши ҳам мумкин.
Олам
“Bloomberg” Россия Украинага бостириб кирганини эълон қилди
Американинг “Bloomberg” агентлиги кеча, 4 февраль куни ўз веб-сайтида “Россия Украинага бостириб кирди” сарлавҳасини эълон қилди, кейинроқ хатони тан олди ва хабарни олиб ташлади.
“Биз турли сценарийлар учун сарлавҳалар тайёрлаяпмиз ва “Россия Украинага бостириб кирди” сарлавҳаси тасодифан шарқий соҳил вақти билан соат 16:00 ларда сайтимизда эълон қилинди. Биз бу хатодан чуқур афсусдамиз”, дейилган хабарда.
АҚШ КХДР билан мулоқот қилиш шартини айтди
Агар зарур шароитлар яратилса, Америка Қўшма Штатлари Корея Халқ Демократик Республикаси билан давлатлар раҳбарлари даражасида учрашув ўтказиш имкониятини кўриб чиқади. Лекин ҳозир, бундай шароитлар мавжуд эмас. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд маълум қилди.
“АҚШ биз Шимолий Корея билан ҳеч қандай шартларсиз учрашмоқчи эканлигимизни очиқ айтди. Лекин Президентимиз билан учрашишдан олдин нимага эришишимиз мумкинлигини яхшироқ тушунишимиз керак”, дейди Томас-Гринфилд.
Украиналик сиёсатчи АҚШ Зеленскийга қарши “санкция” қўллаганини айтиб чиқди
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШнинг “тўғридан-тўғри тақиқи” туфайли Пекиндаги Олимпиада ўйинларининг очилишида қатнаша олмаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Ҳаёт учун – Мухолифат платформаси” партиясидан бўлган Олий Рада депутати Виктор Черний Facebook саҳифасида маълум қилди.
Депутатнинг сўзларига кўра, бир қатор Ғарб давлатлари Хитойда бўлиб ўтаётган спорт мусобақасини бойкот қилишга чақирмоқда.
“Афтидан, Америка етакчилари бизнинг Президент Зеленскийга ҳам санкция қўллаган - Хитойга киришни тақиқлаш! Унинг нафақат дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Хитой билан муносабатларни ривожлантириши, балки норасмий равишда бўлсада бугун мамлакат учун ҳаётий муҳим масалаларни ҳал қилиши мумкин бўлган бундай муҳим воқеада иштирок этмаганини қандай изоҳлаш мумкин?”, деб ёзган Черний.
Дўсаев, кет! Олма-отада Тўқаев тайинлаган ҳокимга қарши митинг ўтказилди
Бугун, 5 февраль куни Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги Фанлар академияси биноси ёнида шаҳар маъмурияти рухсати билан 100 га яқин одам митингга йиғилди. Бу январь ойидаги тартибсизликлардан кейин бўлиб ўтган илк тинч митинг ҳисобланади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар маълум қилди.
Қайд этилишича, митинг январь фожиасида вафот этганлар хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланган. Намойишчилар янги тайинланган шаҳар ҳокими Ерболат Дўсаевнинг истеъфосини талаб қилган.
АҚШ КХДР бўйича баёнот эълон қилди. Олти давлат Вашингтонга қарши чиқди
Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан амалга оширилган ракета синовлари бўйича ёпиқ маслаҳатлашувлар ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.
Америка Қўшма Штатлари Хавфсизлик кенгашининг яна саккиз аъзосини ушбу масала бўйича ўз баёнотларини қўллаб-қувватлашга ишонтирди, қолган олтитаси эса унга қўшилмади. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд ёпиқ маслаҳатлашувлардан сўнг маълум қилди.
Йиғилиш якунлари бўйича Албания, Бразилия, Франция, Ирландия, Япония, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия ва АҚШ қўшма баёнот билан чиққан.
Байден АҚШни бир йилда вайрон қилди – Трамп
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Демократик партия ва Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байден бир йил ичида Американи вайрон қилди деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда у “Red zone” подкасти эфирида билдирган.
“Кўп ишлар нотўғри кетмоқда, буларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам бир йилда одамларга қаттиқ зарба бўлди. Мамлакатимиз бир йилда вайрон бўлди”, дейди сиёсатчи.
НАТО урушга тайёрланаётган Украинани альянсга қўшиш шартини маълум қилди
Украина яқин келажакда НАТОга қўшилмайди. Бу ҳақда альянс бош котиби ўринбосари Мирча Жоана маълум қилди.
Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина ҳарбий иттифоққа қўшилмаслиги кераклигин ҳақидаги талабига жавобан, бош котиб ўринбосари шундай деган:
“Ҳеч ким Украина яқин келажакда НАТОга қўшилади, деб айтмайди. Украина НАТОга кириши учун альянсда бугунги кунда мавжуд бўлмаган якдиллик бўлиши керак”.
Истанбулда уйғурлар Пекин-2022 Олимпиадасига қарши намойиш ўтказди
Кеча, 4 февраль куни Истанбул кўчаларида юзлаб уйғурлар оммани Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларини бойкот қилишга чақириб, намойишга чиқди. Бундан ташқари, намойишчилар Олимпиада иштирокчиларини Хитойнинг мамлакатдаги ирқий озчиликларга ўтказаётган тазйиқига қарши баралла гапиришга ундашган.
Кеча очилиш маросими бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинлари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро кузатув ташкилотлари мутахассислари COVID-19 пандемияси билан боғлиқ чекловлар важ қилиниб, Хитой ҳудудига киритилмаётган бир пайтда ўтказилмоқда.
Спорт
“Манчестер Юнайтед” мусобақадан чиқди. Рангник айбдорларни айтди
Кеча, 4 февраль куни Англия кубогининг 1/16 финали доирасида “Манчестер Юнайтед” жамоаси “Мидлсбро” жамоасига қарши баҳс олиб борди ва мағлуб бўлди.
Ўйиннинг 25-дақиқасида Жейдон Санчо жамоасини олдинга олиб чиққан бўлса, 64-дақиқада Метти Крукс “Мидлсбро”нинг ҳисобни тенглаштирувчи голига муаллифлик қилди. Ўйиннинг асосий қисми дуранг билан якунланиб, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланадиган бўлди.
Пеналтилар сериясида манчестерликлар сафида Энтони Эланга пеналтини аниқ амалга ошира олмади ҳамда серия 7-8 ҳисобида якунланди. “Мидлсбро” жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шаҳрам Парижни “забт эта оладими?”
Бугун, 5 февраль куни Франция пойтахти Париж шаҳрида дзюдо бўйича жорий йил ҳисобидан биринчи “Катта Дубулға” турнири старт олади. Мазкур мусобақа икки кун: 5-6 февраль кунлари ўтказилиши кўзда тутилган. Тошкент вақти билан 14:30 дан бошлаб кундузги дастурлар эфирга узатила бошланади.
Париждаги мусобақаларда 5 нафар спортчи билан қатнашаётган Ўзбекистон термаси вакилларидан -60 кг вазнда Дилшод Баратов ҳамда -73 кг вазндаги Ўзбекистон чемпиони Шаҳрам Аҳадов бугунги баҳсларда татамига чиқади.
“Б” гуруҳидан жой олган Дилшод 2-раундда анча жиддий рақиб – япониялик Рюжи Нагаямага қарши баҳс олиб боради. Нагаяма дунё рейтингида 18-ўринни, Баратов эса 111-ўринни банд этишган.
Aҳадов ғалаба билан бошлади
Бугун, 5 февраль куни Франция пойтахти Парижда дзюдо бўйича "Катта Дубулға" турнири старт олди.
-73 кг вазнда татамига чиққан ўзбекистонлик Шаҳрам Аҳадов "Б" гуруҳи, 1-раундда америкалик Жек Ёнезкуга қарши кураш олиб борди ҳамда вазари баҳоси билан ғалабага эришди.
Кейинги босқичда Шаҳрам косоволик Акил Гякова билан татамига чиқади.
LiveБарчаси