Шаҳрам Парижни “забт эта оладими?”
Спорт
−
05 Февраль 2022
2940Бугун, 5 февраль куни Франция пойтахти Париж шаҳрида дзюдо бўйича жорий йил ҳисобидан биринчи “Катта Дубулға” турнири старт олади. Мазкур мусобақа икки кун: 5-6 февраль кунлари ўтказилиши кўзда тутилган. Тошкент вақти билан 14:30 дан бошлаб кундузги дастурлар эфирга узатила бошланади.
Париждаги мусобақаларда 5 нафар спортчи билан қатнашаётган Ўзбекистон термаси вакилларидан -60 кг вазнда Дилшод Баратов ҳамда -73 кг вазндаги Ўзбекистон чемпиони Шаҳрам Аҳадов бугунги баҳсларда татамига чиқади.
“Б” гуруҳидан жой олган Дилшод 2-раундда анча жиддий рақиб – япониялик Рюжи Нагаямага қарши баҳс олиб боради. Нагаяма дунё рейтингида 18-ўринни, Баратов эса 111-ўринни банд этишган.
Шаҳрам Аҳадов ҳам “Б” гуруҳидан жой олган. У 1-раундда америкалик Жек Ёнезукага қарши татамига чиқади. Шаҳрам дунё рейтингида 181-ўринда бўлса, 18 ёшли рақиби эса 107-ўриндан жой эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, Мусобақа умумий соврин жамғармаси 154 000 евронни ташкил этган мазкур мусобақада 52 мамлакатдан 290 нафар спортчи қатнашади. Шулардан 157 нафари эркак спортчилар бўлса, 133 нафарини аёллар ташкил этади.
Ўзбекистон терма жамоаси қолган вакилларининг рақиблари қуйидагича:
-81 кг: Шарофиддин Болтабоев - Ким Жонг Хун (Жанубий Корея)/ Эллиот Конноли(Янги Зеландия);
-90 кг: Давлат Бобонов - Кевин Будан (Камерун)/Жион Жи Вон (Жанубий Корея);
-100 кг: Музаффарбек Тўрабоев - Николоз Шеразадашвилли (Испания)/ Седрик Оливар (Франция).
Наврўзбек Мамазиёев
LiveБарчаси