Талабаларнинг қишки таътили кунларини ўзгартириш мумкин бўлади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.

Лойиҳага мувофиқ:

•    ҳар йили декабрь ойининг охирги ўн кунлиги ва январь ойининг биринчи ўн кунлиги оралиғида Ўзбекистон Республикаси професссионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш таклифи берилмоқда (бунда таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эгалиги алоҳида таъкидланмоқда);

•    Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Uzbekistan airways” АЖ таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг қишки таътилни эълон қилиш ҳақидаги буйруқлари ва буюртманомалари асосида қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма тўлови асосида республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи (юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно) поездларига ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталар сотувини ташкил этиши ҳамда йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилиши кўзда тутилган;

•    ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътилда ҳаракатланиш графигини мувофиқлаштириш мақсадида яшаш жойи республиканинг бир минтақасида, таълим олиш жойи эса бошқа минтақасида бўлган ўқувчи ва талабалар ҳақида махсус электрон платформани (www.e-holiday.uz) яратиш таклифи илгари сурилмоқда;

•    платформани ишлаб чиқиш, уларга хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ўртасида платформага киритиладиган ўқувчи ва талабалар сонидан келиб чиқиб мутаносиб равишда тақсимланиши назарда тутилмоқда;

•    мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳамда тизимида олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари белгиланмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар мавжуд эмас.

Мазкур лойиҳа Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан келишилган.


Мақола муаллифи

Теглар

таътил

Баҳолаганлар

616

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг