“Шовотландия” фожиаси: Адвокат терговда қийноқ бўлганини айтмоқда
3-саҳифа
−
05 Февраль 2022
15635Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Шовотландия” кафесида содир этилган ёнғин ва унинг оқибатида 5 киши вафот этишида айбдор деб топилган Ф.Сайфиев ва Р.Абдураҳимовнинг оила аъзолари Тошкент шаҳар судига апеллция аризасини киритди. Жорий йилнинг 3 февраль куни ушбу мурожаат асосида илк апеллция суди ўз ишини бошлади. Апелляция суди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда. Унда QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова иштирок этмоқда.
Айбдор деб топилган Р.Абдураҳимовнинг адвокати, Фазлиддин Шерматовнинг айтишича 2021 йил 26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси "Шовотландия" кафеси ёниб кетганидан ҳимояси остидаги Рустам Абдураҳимовни хабари ҳам бўлмаган. У кафе ёнаётган вақтда уйда, оила даврасида эди.
“Кафе ёнган куни Абдураҳимов уйда, ҳомиладор аёлининг ёнида бўлган. Кафенинг эгаси деб айтилаётган Азиз билан, айбдор деб топилган ҳимоям остидаги орасида 8 ой олдин келишмовчилик юзага келган. Айнан шуни важ қилиб, Абдураҳимовни "Шовотландия" кафесини ёқиш учун буюртмачи сифатида кўришяпти. Ваҳолонки, жиноят иши терговида кафени ёқиб юборишда Рустамнинг иштироки борлиги ҳақида ҳеч қандай далил исбот келтирилмади. Жабрланувчининг бир оғиз “Рустам ҳам ёққан ёки буюртмачи бўлган бўлса керак”, деган гапи (тахмини) асосида иш кўрилган.
Тергов ва судда "Шовотландия" кафесини ёқиб юборганини тан олган Фаҳриддин Сайфиев, кафе эгаси билан ораларидаги келишмовчилик сабабли ўч олишни мақсад қилиб, кафени ёқиб юборгани, бундан Рустам Абдураҳимовнинг хабари йўқлигини айтишига қарамай, унинг бирорта кўрсатмалари инобатга олинмади”, дейди адвокат Фазлиддин Шерматов.
У сўзида давом этаркан, тергов вақтида ҳимояси остидаги Рустам Абдураҳимовнинг ҳуқуқлари бузилгани, терговдаги қийноқлар, дўппослаш сабабли қилмаган ишини тан олишга мажбур бўлганини урғулади.
“Абдураҳимовга ноқонуний маъмурий жазо тайинлаб, 15 суткага қамашди. Унга нисбатан босим, қийноқлар бўлгани ҳақида ҳар қанча айтилмасин буларнинг бирортасига на тергов, на одил суд эътибор қаратди. У қилмаган ишини калтакланиб, азобда қолгани учун бўйинига олишга мажбур бўлган.
2021 йил 14 март куни Рустам ва Фаҳриддин юзлаштирилган. Юзлаштириш ҳаракати видеога олиниши шарт. Лекин бу видеони қўлга киритиш имкони бўлмади. Терговчининг айтишича, юзлаштириш ҳаракатининг видео тасвирлари йўқ эмиш.
Айнан шулар асосида ҳимоям остидаги Р. Абдураҳимовнинг оила аъзолари номидан апелляция тартибидаги шикоят аризасини киритдик. Ишонамизки, Янги Ўзбекистонда судлар мустақил ва ҳолатга қонуний баҳо беришади", дейди айбланувчининг адвокати.
Суд залидан маълум қилинишича, 3 февраль соат 15:00 га белгиланган суд мажлиси 2 соат кечикиш билан соат 17:00 да бошланган. Апеллция аризасини кўриб чиқиш бўйича биринчи суд мажлиси айбдор деб топилган Ф.Сайфиев ва Р.Абдураҳимовга суд мажлиси баённомаси берилмагани ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмагани сабабли қолдирилган.
Адвокат Фазлиддин Шерматовнинг QALAMPIR.UZ'га айтишича, ҳимояси остидаги Р.Абдураҳимов ҳали ҳам баённомани олмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 427-моддасига кўра (Суд мажлисининг баённомаси юзасидан мулоҳазалар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби) судланувчи суд мажлиси баённомаси билан танишиш ва унга эътироз билдириш ҳуқуқига эга.
Ҳимоям остидаги Р.Абдураҳимов баённомани олмагани ҳақида мурожаат қилганди. Лекин унга суд баённомаси ҳали ҳам берилмаган. Бу эса унинг ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келиши мумкин. Нима учун суд мажлиси баённомаси мижозимга берилмаганига ойдинлик киритиш мақсадида суд мажлиси қолдирилди. Қонун бўйича айнан шу ҳуқуқларни бузмаган ҳолда апелляция ишини кўриш бошланади ва судья ҳимоям остидагини ҳуқуқлари поймол бўлмаслигини таъминлаб, суд мажлисини қолдирди”, дейди адвокат Фазлиддин Шерматов.
"Шовотландия" иши
21.12.2021 й. – Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукми. Раис: З.Бобонов
Жорий йилнинг 27 февраль соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган “Шовотландия” кафесида ёнғин содир бўлганди. Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилиб, соат 04:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб, жиддий зарарланган. Фожиада Жавоҳир Ж. (1998 йилда туғилган), Худойшукур Х. (1998 йилда туғилган), Бибижон А. (1961 йилда туғилган), Мадина Б. (1999 йилда туғилган) ва Шоҳсанам А. (1996 йилда туғилган) ҳалок бўлган.
Тезкор-қидирув тадбирларида бинога қасддан ёнғин етказган шахс жорий йилнинг 27 февраль куни соат 03:30 ларда Matiz автомашинасида манзилга келиб, бино деворларига ўзи билан олиб келган шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг, воқеа жойини яширинча тарк этгани аниқланган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Ушбу жиноят муқаддам ЖКнинг учта моддаси билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, ушланган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.
Суд ҳукми билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли Рустам Абдураҳимовга Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Фазлиддин Сайфиев Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь