Бекмурод Абдуллаев суди ёпиқ ўтади
Жамият
−
10:40 1579 6 дақиқа
Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилишда айбланаётган Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳамда яна 28 кишига оид жиноят иши атрофида баҳсли вазият юзага келди. Гап шундаки, бу шов-шувли иш бўйича биринчи суд мажлиси бугун, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани судида ўтказилиши белгиланган эди. Аммо QALAMPIR.UZ журналистлари манзилга борганида суд номаълум сабабларга кўра, ЖИБ Юнусобод туман судига кўчирилгани маълум қилинди. Энг қизиғи, бу ҳақда ОАВ ва жамоатчилик умуман огоҳлантирилмаган!
“Ичкарида суд кетяпти. Биз журналистлар эса афсуски ташқаридамиз. Суд ишларига оид материаллар кўп чиқади. Унда жиноят қилганлар панжара ортида кимлардир йиғлаб турганини кўрамиз. Яъни адашиб жиноят қилганларни судига кўп ҳолларда журналистлар киритилади ёки суднинг матбуот котиби видео тайёрлайди, уни оммавий кўрсатади. Амалдорларда алоҳида бир имтиёз, алоҳида бир иммунитет бормики, нима учун уларнинг кичкина эмас, 186 миллиард сўм миқдоридаги бюджетни ўзлаштириши билан боғлиқ иши шахсий талабига асосан, шахсиятини ҳурмат қилган ҳолда ёпиқ ўтиши керак? Бу қайси қоидага, қайси мантиққа тўғри келади? 186 миллиард сўм унинг уйидаги ёки чўнтагидаги пулимиди? Нимага халқнинг пули билан боғлиқ нарса шундай ёпиқ тарзда кўриляпти?”, дейди журналист Анора Содиқова.
(42).png.jpg)
Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров бу ўзгаришни жиноят иши доирасида 30 киши судланаётгани, шу боис каттароқ залга эҳтиёж сезилгани билан изоҳлади. Аммо шу ўринда савол туғилади. 30 киши судланаётгани анча олдин аниқ эди. Янгиҳаёт туманидаги суд залларининг ҳолати ҳам тизимдагиларга аён бўлгани шубҳасиз. Бу ўзгариш учун нега сўнгги дақиқаларгача кутилди? Нега жамоатчилик ва ОАВ огоҳлантирилмади? Ўзи ростдан ўзгаришга бугун қарор қилинганми? Ва яна бир ҳақли савол: 30 киши сиғадиган кенгроқ суд зали Янгиҳаёт туманига яқинроқ бўлган бошқа туманда йўқмиди? Ўзгартириш бўйича огоҳлантирилмаган ҳамма журналистлар аввал Янгиҳаёт туманига борди, кейин эса, салкам 1 соат вақт сарфлаб Юнусободга етиб келди. Яъни вақт ҳавога совурилди, холос.
“Охирги пайтларда кўряпмиз, Ўзбекистонда турли вазирлик ва давлат ташкилотларининг раҳбар даражасидаги инсонлари жиноят содир этса, уларга жиноий иш қўзғатилаётгани очиқ айтиляпти. Бу албатта қувонарли ҳол. Аммо уларнинг суд жараёни қай тарзда бўляпти, бу эса жамоатчиликка ёпиқлигича қоляпти. Биргина мисол, Солиқ қўмитасининг ўринбосари Мубин Мирзаевнинг қамалганини эшитдик. Унинг суди бўлаётгани ёки суд жараёни ҳақида ҳеч қандай маълумот жамоатчиликка берилмаган. Бундан ташқари, ўзим яқинда Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Артиқовнинг судига бордим, лекин у ерга ҳам киритишмади, яъни ёпиқ суд бўлди. У ерда ҳам – давлат сири бор деган важ билан киритишмади. Энди, мана бугун яна шу аҳвол. Давлат раҳбари селектор йиғилишида ҳам айнан Ички ишлар вазири ўринбосарининг шу жиноий ишларини тилга олган эди ва танқид қилган эди. Ҳеч йўқ, шу кейс очиқ бўлиши керак эди”, дейди суд залидан чиқариб юборилган журналистлардан бири Миролим Исажонов.
(40).png.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 137-моддаси ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда барча судларда ишлар очиқ мажлисда кўрилиши асосий принцип сифатида белгиланган. Суд мажлисини ёпиқ тартибда ўтказишга фақат қонунда белгиланган истисно ҳоллардагина йўл қўйилади. Буларга давлат сирларини сақлаш зарурaти, жинсий жиноятлар ёки вояга етмаганларнинг ишлари кўрилаётгани, шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва тижорат сирларини ҳимоя қилиш талаби каби ҳолатлар киради. Лекин бундай қарор ўз-ўзидан қабул қилинмайди – судья мажлисни ёпиқ деб эълон қилиш учун албатта асослантирилган расмий ажрим чиқариши шарт, акс ҳолда мажлис очиқ ҳисобланади. Ушбу ажрим ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичида ёки суд мажлиси бошланаётганда, тарафларнинг илтимосномаси асосида қабул қилиниши керак. Бироқ Санжар Махаметов раислигида ўтган судда бундай жараёнлар бўлмади.
“Суд залига кирганимиздан кейин адвокатлардан бири бизга эътироз билдириб, “булар ким ва нимага иштирок этяпти?” деб эътироз билдирди ва суд жараёнида давлат сири билан боғлиқ маълумотлар борлигини таъкидлади. Раислик қилувчига буни ёпиқ судлигини ва журналистларни суд залидан четлатишни сўради. Прокурор ҳам журналистларни четлатишни сўради. Уларни эшитиб бўлгандан кейин судья журналистларга бу ёпиқ судлиги ва суд залидан чиқиб кетиш кераклигини айтди. Биз ҳайрон қолдик. Қоида бўйича ўзи дастлаб илтимоснома киритиларди ва тарафлар эшитилгандан кейин судья ажрим чиқарарди. Ундан кейин бизга тушунтириш берарди. Ҳеч қандай тушунтиришсиз суд залдан бизни чиқариб юборишди” дейди яна бир журналист Бахтиёр Тўхтаев.
(41).png.jpg)
Суд ҳужжатларига кўра, Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Уларнинг аксарияти ҳам Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.
2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилган эди. Аммо орадан 9 ой ўтибгина, аниқроқ айтганда 2026 йилнинг 27 январь куни вазир ўринбосари қамоққа олингани маълум қилинди. Бу хабар шунчаки расмий манбаларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали эмас, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида очиқланди.
Апрель ойининг ўрталарига келиб, собиқ мулозимлар етказилган зарарни қоплагани муносабати билан озод қилингани ҳақида “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Унинг билдиришича, давлат манфаатларига 186 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирган Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаменти собиқ раҳбари Рустам Турсунов дохил 7 нафар мулозим 15 апрель куни кечқурун озодликка чиқарилган.
“Зарарни қоплагани муносабати билан озод қилинган раҳбарларга қўлланилган эҳтиёт чораси 60 дан ортиқ бошқа айбланувчиларда ҳақли норозиликка сабаб бўлмоқда. Воқеалар ривожини кузатамиз ва расмийлардан икки энлик изоҳ кутамиз”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади. Тошкент шаҳар судлари расмий Telegram-каналида эса 15:15 га келибгина, яъни муҳокамалар авжига чиққанидан 3-4 соат ўтиб изоҳ берилди. Унда жамоатчилик эътиборида бўлган бир нечта жиноят ишлари пойтахт судларида ёпиқ тарзда ўтиши белгилангани қайд этилган.
Хусусан:
Б. Абдуллаев ва яна 29 нафар судланувчига оид жиноят иши;
Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ директори А. Ортиқов ва яна 6 нафар судланувчига оид жиноят иши;
Ушбу ишлар шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, суд ажримларига асосан, ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.
Live
Барчаси