Тинтув ноқонуниймиди? “Санжик” текширув ўтказилган уйлар чизмасини кўрсатди
Таҳлил
−
18:16 950 4 дақиқа
Суд залининг рамзий қамоқхонаси ичида сочилиб ётган бу қоғозлар “Реал Санжик” ўзини оқлаши, судьяларга исбот сифатида кўрсатиши учун тўпланган ҳужжатлардир. Жорий йилнинг 25 сентябридаги музокараларда 3 марта судга нисбатан ҳурматсизлик қилгани учун четлатилган Санжар Каримов адвокат илтимосномасига кўра, судга қайтарилди.
Шундай қилиб, 2026 йилнинг 8 май куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди томонидан фирибгарлик, ўлдириш билан таҳдид қилиш ва гиёҳвандлик воситалари муомаласига оид моддалар бўйича айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Санжар Каримовнинг апелляция иши давом этди. Бу гал асосан судланувчининг ўзи гапирди. У наркотик модда топилган уйда доимий яшамагани, хонадон марҳум отасига тегишли эканини айтиб, тинтув ноқонуний ўтказилганини билдирди. Каримовнинг сўзларига кўра, тинтув учун ордер бошқа хонадонга олинган бўлса-да, унга ёндош бўлган яна бошқа уйларга ҳам ноқонуний кирилган, тинтув ўтказилган. Блогер ўз даъволарини исботлаш учун хонадонлар чизмаси акс этган баннерни намойиш қилди ва ҳар бир уй махсус рақамга эга эканини, уларнинг барчасида алоҳида-алоҳида кадастр ҳужжатлари мавжудлигини билдирди. Хорижда бизнеслари бор, оила аъзолари Америка фуқаролари бўлган Реал Санжикка “агар озодликка чиқсангиз Ўзбекистонда қоласизми” деган савол журналистлар томонидан берилди.
“Албатта қоламан. Ўзбекистонда бошлаб қўйган анча ишларим бор, режаларим катта. Мен Ўзбекистондан кетишни режа ҳам қилмагандим. Мен Ўзбекистонда адолат борлигига ишонаман. Мана, президентимиз олиб бораётган сиёсати жуда ҳам адолатли эканига ишонаман. Мен адолатли ҳукм чиқарилишига ишонганим учун айнан апелляция судига келдим. Ўн ойдан бери қанча-қанча ҳужжат йиғдим, қанча далиллар йиғдим. Бундан ташқари яна нима керак экан? Ушбу суд жараёнини бутун МДҲ, бутун Америка ҳозир кузатяпти. Кимки мени қўллаб-қувватлаётган бўлса, кимки адолат тилаётган бўлса, шуларга фурсатдан фойдаланган ҳолда раҳмат деб қоламан”, деди Санжар Каримов.
“АҚШдан кузатишяпти” деган гаплар бекорга эмас. Аввалроқ блогер ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукми юзасидан БМТга мурожаат қилганди. У суд жараёни адолатсиз ўтганини ва давлат органлари томонидан қонун бузилишларига йўл қўйилганини билдирган.
“БМТ хулосасини чиқарган, қайси нормалар қанчалик бузилганлиги ҳақида. Лекин барибир ойдинлик ва адолатли ҳукм Ўзбекистонда чиқарилади деган умиддаман”, дейди “Санжик”.
Мурожаатнинг аниқ йўлланган манзили эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамда БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи. Хатда Санжар Каримов унга нисбатан далиллар сохталаштирилгани, жумладан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ айбловлар асоссиз эканини таъкидлаган. Бу каби хабарлар Ўзбекистондаги расмий ОАВ ва норасмий Телеграм каналларда эълон қилинган эди.
“Ҳар бир ўтаётган суд жараёнидан кейин ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида бўлиб ўтган жараён ҳақида изчил ахборот бериб келиняпти. Бу ахборотларда бир ёқламалик, судга қайсидир жиҳатдан ижтимоий босим қилишга уриниш ҳолатлари ҳам бор. Бунга ҳам кўз юммаймиз. Халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш – фуқаронинг ҳуқуқи. Бу ҳуқуққа ҳурмат билан қаралади. Лекин Ўзбекистон Республикасида содир бўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан содир этилган жиноятлар, албатта, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида кўриб чиқилади ва ҳуқуқий баҳо берилади. Тўғри, халқаро ташкилотларга мурожаат қилингани бўрттириляпти. Бу хоҳлаймизми, йўқми, маълум даражада судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимолини ҳам юзага келтиряпти. Айниқса, етакчи электрон нашрлардан бирида шундай сарлавҳада ахборот чиқдики, гўёки Санжар Каримовнинг иши БМТ назоратига олинди, деб. Йўқ, назоратга олинмайди. Суд ҳокимиятининг мақоми қонунда, Конституцияда белгилаб қўйилган. Мана шу мақомдан келиб чиқиб, мана шу судлар фаолиятини тартибга солган судлар тўғрисидаги қонундан келиб чиқиб, бевосита жиноят ишига тўхталадиган бўлсак, Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, якунда суд ўзнинг якуний хулосасини чиқаради”, деди Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Турсунали Акбаров.
Шу тариқа музокаралар якунланди. Суд кейинги жараёнлар 7 октябрь куни бўлиб ўтишини маълум қилди.
Live
Барчаси