Тошкентда одамларнинг пулини “шилган” яширин колл-марказлар аниқланди
3-саҳифа
−
170 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида фирибгарлик, ноқонуний қимор ўйинлари ва крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган учта яширин онлайн колл-марказ аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, тезкор тадбирлар ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тумандаги учта манзилда ўтказилган.
Дастлаб, Подшобоғ маҳалласидаги хонадонда 16 киши томонидан ташкил этилган колл-марказ фаолияти фош этилган. У ерда онлайн мулоқот орқали фойдаланувчилар ишончига кириш ва уларни алдаш йўли билан пул маблағларини қўлга киритишга қаратилган схема ишлатилган. Тадбир давомида 7 та ноутбук, 32 та телефон, 2 та компьютер ва 3 та Starlink қурилмаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Телефонлар текширилганда, уч нафар фуқаро томонидан 16 285 USDT, яъни тахминан 194,8 млн сўмлик крипто-активлар билан ноқонуний муомала қилингани аниқланган. Шунингдек, 16 нафар фуқаронинг Ўзбекистон ҳудудида вақтинчалик рўйхатдан ўтмагани маълум бўлиб, уларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тезкор тадбирлар давомида Алпомиш маҳалласида ҳам 10 киши ташкил этган онлайн колл-марказ аниқланган. У ерда фирибгарлик, қимор ўйинлари ва крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ ноқонуний фаолият юритилган. Манзилдан 20 та телефон олиб қўйилган.
Геологлар маҳалласидаги учинчи манзилда эса 28 нафар фуқаронинг ноқонуний онлайн фаолияти фош этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар крипто-активлар билан ноқонуний муомала қилиш, турли молиявий схемалар орқали, асосан, хорижий фуқароларни алдаш ва уларнинг пул маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган. Ушбу манзилдан 36 та телефон ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқТошкент шаҳрида Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари фуқаролари томонидан ташкил этилган иккита ноқонуний колл-марказ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси