Тошкентда 3 яшар боласининг бош кийимига “героин” яширган ота ушланди

3-саҳифа

−

visibility231 timer2 дақиқа

image

Тошкентнинг Яшнобод туманида ички ишлар ходимларидан “героин”ни яшириш мақсадида уни 3 яшар фарзандининг бош кийимига жойлаган эркак ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари давомида Яшнобод туманида Tracker русумли автомобиль тўхтатилган. Машинани бошқариб келаётган шахснинг хатти-ҳаракатлари ходимларда шубҳа уйғотган.

Текширув давомида автомобилда бўлган фуқаронинг 3 ёшли фарзанди бош кийимига яширилган “героин” моддаси аниқланган. Эркак ушбу моддани ички ишлар ходимларидан қўрқиб, фарзандининг шапкаси ичига яширганини тан олган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Бундан ташқари, туманда ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида шубҳали фуқаро тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилган. Унинг ёнидан изоляцион лента билан ўралган икки дона гиёҳвандлик моддаси топилган.

Суриштирув давомида фуқаро яна 28 та шундай моддани турли манзилларга яшириб қўйганини маълум қилган. Шундан сўнг ушбу моддалар ҳам холислар иштирокида олиб қўйилиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан олинган маълумот асосида Акмал исмли шахснинг хонадони кўздан кечирилган. Хонадон қозонхонасида қуритиш учун сақлаб қўйилган, ўткир ҳидли ўтсимон модда аниқланган ва холислар иштирокида олиб қўйилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда юк автомобили поршенлари ва диск қисмларига яширилган 2 кг 145,2 грамм “опий” ҳамда 1 кг 3 грамм “героин” олиб киришга уриниш фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг