Тошкентда чиқинди олиб чиқиш хизмати нархи оширилиши мумкин
Ўзбекистон
−
2079 2 дақиқа
Тошкентда маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар тарифларини 33,3 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Аҳоли учун чиқинди олиб чиқиш бўйича ойлик тўлов киши бошига 8 400 сўмдан 11 200 сўмгача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши комиссияси маъқуллаган “2027 йил учун маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар тарифларини белгилаш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида сўз боради.
Қарорга кўра, аҳоли учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифи ҚҚСсиз киши бошига ойига 10 минг сўм этиб белгиланиши таклиф қилинган. ҚҚС билан ҳисоблаганда, ойлик тўлов 8 400 сўмдан 11 200 сўмгача, яъни 33,3 фоизга ошиши мумкин. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши комиссияси 25 ноябрь куни 2027 йил учун маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар тарифлари лойиҳасини мақуллаган.
Шунингдек, бюджет ташкилотлари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қуйидаги тарифлар (ҚҚСсиз) таклиф этилмоқда:
- Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш – 1 куб метр учун 119 969,79 сўм;
- Суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш – 1 тонна учун 251 744,65 сўм;
- Қаттиқ маиший чиқиндиларни Бектемир, Яккасарой ва Юнусобод туманларидаги чиқиндини қайта юклаш станцияларидан “Оҳангарон” полигонига ташиш – 1 тонна учун 104 676,50 сўм;
- Чиқиндиларни қайта юклаш станцияларида қабул қилиш, пресслаш ва полигонда утилизация қилиш харажатлари билан бирга – 1 тонна учун 155 281,27 сўм;
- “Оҳангарон” полигонида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш ва утилизация қилиш – 1 тонна учун 79 199,28 сўм;
- “Оҳангарон” полигонида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш ва кўмиш – 1 тонна учун 1 148 146,48 сўм.
Янги тарифлар тасдиқланган тақдирда, тўрт кишилик оиланинг чиқинди олиб чиқиш учун ойлик харажати 33 600 сўмдан 44 800 сўмгача ошади. Йиллик харажат эса 403 200 сўмдан 537 600 сўмгача кўтарилади.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотлари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифи ҚҚСсиз 1 куб метр учун 89 977,57 сўмдан 119 969,79 сўмгача оширилиши таклиф қилинмоқда. ҚҚС билан ҳисоблаганда, бу сумма 100,8 минг сўмдан 134,4 минг сўмгача етади.
Қарор лойиҳасида “Махсустранс” корхонасига тарифлар оширилиши муносабати билан матбуот анжуманлари ўтказиш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган.
Мазкур таклиф 15 кун давомида жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Шундан сўнг масалани шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш режалаштирилган.
Live
БарчасиГавайидаги Килауэа вулқони отилди
27 Ноябрь