Бўстонлиқда синтетик наркотик ишлаб чиқарган нарколаборатория аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
246 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган нарколаборатория аниқланди. Тезкор тадбир давомида қарийб 4 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилиниб, уларнинг 12 684 дозаси аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, 1993 йилда туғилган, Тошкент вилоятида омборчи бўлиб ишлаган шахс яшаш манзилида синтетик гиёҳвандлик воситаларини қўлбола усулда тайёрлаш учун махсус нарколаборатория ташкил қилган. У ерда гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаб келган.
Манзил кўздан кечирилганда, 1,5 килограмм альфа-PVP, 1 килограмм spice ва 50 грамм мефедрон, шунингдек, электрон тарозилар, изоляция материаллари, зип-пакетлар ҳамда бошқа ускуналар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида нарколабораторияни ташкил қилган шахс раҳбарлигида вилоят ҳудудидаги 20 та манзилга “заклад” усулида яширилган жами 1 килограмм 165 грамм альфа-PVP, spice ва мефедрон ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Натижада жами қарийб 4 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситаси мусодара қилиниб, уларнинг 12 684 дозаси ноқонуний тарқатилишининг олди олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан нарколабораторияни ташкил қилган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-1-моддаси (Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ва Сурхондарёда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси