Икки вилоятда фаолият юритган наркогуруҳ фош этилди (видео)
3-саҳифа
−
2093 2 дақиқа
Наманган ва Андижон вилоятларида фаолият юритган, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган 7 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Улардан жами 6 килограмм 800 грамм гашиш мусодара қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 ноябрь куни олинган тезкор маълумот асосида Наманган шаҳрида ўтказилган тадбир давомида Давлатобод туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро холислар иштирокида кўздан кечирилган. Унинг ёнидан 10 грамм гашиш топилган.
Суриштирувларда ушбу моддани унга Наманган шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс етказиб бергани аниқланган. Мазкур фуқаро назорат хариди давомида гашишни келишилган пул эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган. Унинг хонадонидан қўшимча 200 граммдан ортиқ гашиш, электрон тарози, 6 миллион 300 минг сўм ва 200 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Тезкор тадбирлар давомида яна бир гумонланувчи – 1975 йилда туғилган Наманган шаҳри фуқароси 1 килограмм гашишни сотаётган вақтида қўлга олинган. Унинг яшаш хонадонидан эса қарийб 2 килограмм гашиш, моддаларни қадоқлашда ишлатиладиган полиэтилен ўрамлар, резина қўлқоплар, учта пичоқ ва иккита электрон тарози топилган.
Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш мақсадида тезкор-қидирув тадбирлари Андижон вилоятида ҳам давом эттирилган. Жорий йилнинг 11 ноябрь куни уч нафар шахс қарийб 2,5 килограмм гашишни сотаётган вақтида қўлга олинган. Улардан бирининг Андижон шаҳридаги хонадонидан яна 1 килограмм гиёҳвандлик воситаси аниқланган.
Суриштирувларда гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимлангани маълум бўлган. Жумладан, Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро Cobalt русумли автомобилда Тошкент вилоятидан Тожикистон фуқароси бўлган Абдуллоҳ исмли шахснинг кўрсатмасига асосан гиёҳвандлик воситаларини ташиш билан шуғулланган. Гуруҳнинг бошқа аъзолари эса тақиқланган моддаларни сақлаш, харидор топиш, тарқатиш ва сотиш вазифаларини бажарган.
Наманган ва Андижон вилоятларида жиноий алоқаларни йўлга қўйган 7 кишидан иборат уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Тезкор тадбирлар давомида улардан жами 6 килограмм 800 грамм гашиш ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшовчи фуқаронинг хонадонида каннабис етиштириш учун махсус шароит яратилгани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси