$4 минг эвазига ИИОга ишга киритишни ваъда қилган шахс ушланди

3-саҳифа

−

visibility1155 timer2 дақиқа

image

Наманган вилоятида фуқаронинг ўғлини ички ишлар тизимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро департаментнинг Янги Наманган тумани бўлимига мурожаат қилган. У ўз аризасида бир шахс ички ишлар тизимида хизмат қилувчи танишлари орқали ўғлини Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилганини билдирган.

Бунинг эвазига у жами 4 минг доллар талаб қилиб, дастлаб 2 минг долларни беришни сўраган. Мурожаат асосида тезкор тадбир ташкил этилган. Шахс Янги Наманган туманидаги “Дўстлик савдо-саноат” комплекси автотураргоҳида пулни олаётган вақтида ушланган.

Текширув давомида унинг муқаддам фирибгарлик жинояти учун судлангани аниқланган. Хусусан, 2024 йилнинг 10 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди ҳукми билан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) учинчи қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида ишга киритиб қўйиши эвазига 600 АҚШ доллари пора олган мактаб директори ушлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг