Фарғонада уй ижараси баҳонасида фуқаролардан пул ундирган учлик ушланди (видео)
3-саҳифа
−
1449 2 дақиқа
Фарғона шаҳрида арзон нархда уй ижарага беришни ваъда қилиб, фуқаролардан олдиндан тўлов талаб қилган уч нафар шахснинг киберфирибгарлик схемаси фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, гумонланувчилар совуқ кунларда замонавий иситиш тизимига эга уйларда вақтинча яшашни истайдиган оилалар эҳтиёжидан фойдаланган. Улар Telegram каналида арзон уйлар ижарага берилиши ҳақида эълонлар жойлаштириб, қизиққан фуқаролардан олдиндан пул ўтказишни сўраган.
Схемада иштирок этган шахслардан бири ўз номига расмийлаштирилган SIM-картани танишига берган. У эса шу рақам орқали фуқаролар билан гаплашиб, уларни алдашда қатнашган. Яна бир иштирокчи эса келишилган манзилларга калитларни етказиб бериб, фуқаролардан олинган 1,5 миллион сўмни бошқа шеригига топширган. Бунинг эвазига унга 200 минг сўм берилган.
Гумонланувчилардан бири дастлаб бу ишнинг фирибгарлик эканини билмаганини, кейинчалик эса шериклари фуқароларни уй ижараси баҳонасида аладаётганини англаганини айтган. У содир этган ишидан пушаймонлигини билдириб, бошқаларни бундай жиноятга қўл урмасликка чақирган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод туманида тўрт нафар фуқарони Умра зиёратига ноқонуний юборишни ваъда қилиб, 4,8 минг доллар талаб қилган хусусий ўқув маркази раҳбарининг укаси ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси