Андижон ва Хоразмда яроқсиз дорилар савдога қўйилгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
905 2 дақиқа
Андижон ва Хоразм вилоятларида дорихоналарда умумий қиймати қарийб 239 млн сўмлик сифати кафолатланмаган ҳамда муддати ўтган дори воситалари савдога қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ўтказилган тезкор тадбирда “M.S.” МЧЖ раҳбари М.Қ. хусусий шифохонаси ҳузуридаги дорихонада 189,6 млн сўмлик 341 турдаги 52 798 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни савдога қўйгани аниқланган.
Шунингдек, Хоразм вилоятида департамент бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “A.A.” МЧЖ раҳбари С.Ғ. “Гулшан” маҳалласи ҳудудидаги дорихонасида 49,2 млн сўмлик муддати ўтган ва сифати кафолатланмаган дори воситаларини савдога қўйгани маълум бўлган.
Ҳар икки ҳолатда ҳам дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-12-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий жиҳозларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳрида 9 миллион 560 минг сўм эвазига 112 дона Регапен номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотаётган 1994 йилда туғилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси