Сурхондарёда 6 кг “гашиш“ни чопон орасига яшириб олиб кирган афғонистонлик ушланди (видео)
3-саҳифа
−
1659 2 дақиқа
Андижон ва Сурхондарёда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Улардан жами 7 кг 499 грамм “гашиш” моддаси ҳамда 1 948 дона Регапен дори воситаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада, ушбу манзилдан жами 1 кг 157 гр “гашиш” моддаси ва 1 946 дона Регапен кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида мазкур шахсдан Регапен дори воситасини сотиб олмоқчи бўлган 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ҳам ушланиб, унинг ёнида бўлган 1,5 гр “гашиш” моддаси ва 2 дона Регапен дори воситаси процессуал тартибда ҳужжатлаштирилган.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаси савдосига чек қўйилган.
Хусусан, Термиз халқаро савдо марказида олдиндан кузатувга олинган – 1986 йилда туғилган Афғонистон фуқароси сотиш учун мўлжалланган чопонлар орасига яширган ҳолда мамлакатга контрабанда қилинган 6 кг 342 гр “гашиш” моддасини 15 минг АҚШ долларига сотган вақтида Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда қўлга олинган.
Ҳозирда хориж фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ва 273-моддаси 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ва Андижон вилоятларида фаолият юритган, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган 7 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фош этилган эди. Улардан жами 6 килограмм 800 грамм гашиш мусодара қилинган.
Live
Барчаси