Тошкентда хорижликлар ташкил этган ноқонуний колл-марказлар фош этилди
3-саҳифа
−
440 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари фуқаролари томонидан ташкил этилган иккита ноқонуний колл-марказ фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбир давомида 122 нафар чет эл фуқароси аниқланиб, кўплаб техник воситалар ва 1 мингдан ортиқ SIM-карта ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ноқонуний колл-марказлар “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида ДХХ ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган.
Тезкор тадбир давомида улардан 18,5 минг АҚШ доллари, 116,5 миллион сўм, 67 та ноутбук, 569 та уяли алоқа воситаси, 6 та Wi-Fi қурилмаси, 3 та сунъий йўлдош алоқа қурилмаси, 5 та компьютер, 3 та планшет ҳамда хорижий давлатлар мобил операторларига тегишли 1 мингдан ортиқ SIM-карта олиб қўйилган.
Маълум қилинишича, ушбу шахслар Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида оммалашган онлайн-платформалар орқали фирибгарлик схемаларини амалга оширган. Шунингдек, вирусли ҳаволалар юбориш орқали хорижий давлатлар фуқароларининг пул маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган.
Бундан ташқари, улар жами 64 895 USDT миқдоридаги крипто-активларнинг ноқонуний айланмасини амалга оширгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўн тўрт нафар фуқаро томонидан ташкил этилган ноқонуний онлайн колл-марказ аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси