Андижонда қотиллик. Tiktok ёшлар миясини ўлдиради – Qalampir.uz дайжести

Таҳлил

−

visibility2611 timer4 дақиқа

Reklama
0:00

Сўнги 24 соат ичида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести. Ассалому алайкум.

Тошкент метросида поездлар беш вагонли бўлади

Тошкент метроси учун кейинги икки йилда 28 та беш вагонли поезд олиб келинади. Шунингдек, ҳозирда фойдаланилаётган 40 та тўрт вагонли поезд беш вагонли тизимга ўтказилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 27 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда сўз борди.

Қайд этилишича, бугунги кунда пойтахтдаги йўловчиларнинг 46 фоизи метрополитен ҳиссасига тўғри келмоқда. Метродан кунлик фойдаланиш 25 фоизга ўсган бўлиб, йил якунига қадар йўловчиларнинг сони кунига 1,3 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, учрашув давомида 2030 йилгача 545 километр янги темир йўл линияларини қуриш, электрлаштирилган йўллар улушини 65 фоизга, электропоездлар паркини 31 тага етказиш режалаштирилганлиги айтиб ўтилган. Келгуси йилда Ангрен – Поп темир йўл линияси модернизация қилиниши, ушбу йўналишда иккинчи линия қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Апрель ойидан Тўқимачи – Ангрен йўналишида иккинчи темир йўл қурилиши бошланиши билдирилган. Шу билан бирга учрашувда Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университети ташкил этилиши ва унга Янги Тошкент ҳудудидан 20 гектар ер ажратилиши маълум қилинган.

Тўқаев TikTok’ни ёшлар миясини “ўлдирадиган даҳшатли нарса” деб атади

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев TikTok платформасини, айниқса, ёшлар учун зарарли деб баҳолади. Унинг фикрича, смартфондан фақат қўнғироқ қилиш, ёзишиш ёки видео кўриш учун эмас, балки даромад топиш ва рақамли имкониятлардан фойдаланиш учун ҳам фойдаланиш керак. Тўқаев бу фикрни жорий йилнинг 26 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган AI Journey 2026 конференциясидан сўнг сунъий интеллект соҳасидаги ёш истеъдодлар билан учрашувда билдирган.

“Биз қишлоқ аҳолисини интернетдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ўргатишимиз керак. Ҳозир ҳамма смартфондан фойдаланади, лекин негадир у фақат қўнғироқ қилиш, ёзишиш, қандайдир фильмларни кўриш ва TikTok учун мўлжалланган деб ўйлашади. Мана шу TikTok – инсоннинг, айниқса, ёш йигит-қизларнинг миясини ўлдирадиган даҳшатли нарса”, дейди у.

Қозоғистон президенти мамлакатда халқ рақамли иқтисодиётини яратишга интилиш борлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, смартфондан тўғри ва моҳирона фойдаланилса, интернет мавжуд бўлган қишлоқ ёки овулда ҳам даромад топиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, TikTok платформаси Қозоғистонда тақиқланмаган. Бундан ташқари Тўқаев ўтган йилнинг октябрь ойида МДҲ иштирокчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида ҳам ушбу платформани тилга олган.

Андижонда қўл-оёғи боғланган 54 ёшли аёлнинг жасади топилди

Андижон туманидаги хонадонлардан бирида қўл-оёғи боғланган 54 ёшли аёлнинг жасади топилди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 24 ноябрь куни содир бўлган. Хонадонлардан бирида 1972 йилда туғилган аёлнинг жасади аниқланган.

Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, ашёвий далиллар олинган. Шунингдек, аёлнинг ўлим сабабларини аниқлаш учун тегишли экспертизалар тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ҳамда 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Лондонга кетаётган поездда 33 ёшли эркак 14 кишини пичоқлади

Буюк Британияда Лондонга кетаётган поездда 33 ёшли Энтони Уильямс 14 кишини ўлдиришга уринишда айбдор деб топилди. У икки кун давомида жами 14 кишига, жумладан, икки нафар ўсмирга ҳужум қилган. Қайд этилишича, воқеа 2025 йил 31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари содир бўлган. Уильямс дастлаб Питерборода 3 кишига, шунингдек, Лондоннинг Docklands Light Railway темир йўл линиясида 17 ёшли ўсмирга ҳужум қилган. Шундан сўнг у Донкастердан Лондоннинг King‘s Cross вокзалига кетаётган поездга чиққан ва йўловчиларга пичоқ билан ҳужум қилган. Судда маълум қилинишича, Уильямс поезд ичида бир вагондан бошқасига ўтиб, йўловчиларни пичоқлаган. Вагонлардан чиқиб кетиш имкони бўлмагани сабабли одамлар унинг ҳужумидан қочишда қийналган. Ҳужум оқибатида бир неча киши оғир жароҳат олган. Ҳужум вақтида айрим йўловчилар эркакни тўхтатишга уринган. Уильямс судда 14 кишига оғир тан жароҳати етказганини тан олган, бироқ уларни ўлдиришга уринганини рад этган. Ҳимоя томони унинг ҳужум вақтида шизофрения сабабли ўткир психоз ҳолатида бўлганини билдирган. Ҳимояга жалб қилинган психиатрнинг айтишича, Уильямс ўзига қарши иблис томонидан уюштирилган фитна борлигига ишонган ва одамлар унга зарар етказмоқчи деб ўйлаган. Жорий йилнинг 26 ноябрь куни олти ҳафта давом этган суд жараёни якунида судьялар ҳайъати Уильямсни 14 кишини ўлдиришга уриниш бўйича барча айбловларда айбдор деб топди. Унга жазо кейинроқ тайинланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг