Испания қирғоқларига кетаётган мигрантлар қайиғидан 14 кишининг жасади топилди
Олам
−
324 2 дақиқа
Испаниянинг Канар ороллари яқинида қарийб 100 нафар мигрант бўлган қайиқдан 14 кишининг жасади топилди. Яна олти киши оғир аҳволда шифохонага етказилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, қайиқ Эль-Иерро оролидан 72 километр жанубда аниқланган. Денгизда қутқарув хизмати дастлаб қайиқ бортдан 8–10 кишининг жасади топилганини билдирган. Кейинроқ Испаниянинг EFE ахборот агентлиги қирғоққа жами 14 кишининг жасади олиб чиқилганини хабар қилган.
.png)
Қайиқ Ла-Эстака портига олиб кетилаётган бир вақтда, бошқа қайиқдаги 84 нафар тирик қолган мигрант Эль-Иерро оролининг Ла-Рестинга портига етказилган. Бу ерда мигрантларни қабул қилиш маркази ва вақтинчалик тиббий ёрдам пункти фаолият юритади.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда Канар оролларига мигрантлар оқими кескин ошган. Жорий йилнинг 25 ноябрь куни бир суткада оролларга 2 100 киши етиб келган. Бу бир кун ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлган. Уларнинг аксарияти аҳолиси 11,4 минг кишидан иборат Эль-Иерро оролига келган.
.png)
Минтақа раҳбари Фернандо Клавихо X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида навбатдаги фожиа юзасидан қайғу ва ожизлик ҳиссини билдирган. У Испания ҳукумати ва Еврокомиссияни вазиятга аралашишга чақирган.
“Гуманитар инқироз Эль-Иеррода бошланмайди, балки Сенегал ва Гамбия қирғоқларидан бошланади. Биз айнан ўша ерда ҳаракат қилишимиз керак”, деб ёзган у.
Ҳар йили минглаб мигрантлар Испания ҳудудига етиб бориш учун Атлантика океанини ҳаддан ташқари гавжум қайиқларда кесиб ўтишга уринади. Кучли тўлқинлар ва денгиз оқимлари бу йўналишни дунёдаги энг хавфли миграция йўлларидан бирига айлантирган. Кузда денгиз шароити нисбатан қулайлашиши сабабли оролларга келаётган мигрантлар сони одатда ортади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенегал қирғоқларида муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлиб, бир киши тирик қолган.
Live
БарчасиГавайидаги Килауэа вулқони отилди
27 Ноябрь