Испанияда 7 минг тонна дизель олиб кетаётган танкер ағдарилди. Қурбон бор

Олам

−

visibility758 timer2 дақиқа

image

Испаниянинг Ибица ороли соҳиллари яқинида 7 минг тоннагача дизель ёнилғиси олиб кетаётган танкер ағдарилиб кетди. Ҳодиса оқибатида экипаж аъзоларидан бири ҳалок бўлди, яна олти киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Малта байроғи остида сузаётган “Med Emre” танкери бортида 17 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳодисадан кейин уларнинг барчаси қутқарилган. Етти киши шифохонага олиб кетилган, бироқ улардан бири кейинчалик вафот этган. Қолган олти нафар экипаж аъзосининг аҳволи оғир эмас. Улар асосан совқотиш ва енгил жароҳатлар сабаб даволанмоқда.

Танкер Ибица соҳилидан 46 километр, Валенсия шаҳридан эса 57 денгиз мили узоқликда ағдарилган. Кема Испаниянинг жанубидаги Algeciras портидан Барселонага қараб кетаётган бўлган. Унинг нима сабабдан ағдарилгани ҳозирча номаълум.

Ҳодиса жорий йилнинг 25 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 атрофида бошланган. Қутқарув хизматлари кемадан ёрдам чақирувини олганидан бир неча дақиқа ўтиб, экипаж танкерда сизиб чиқиш юз бергани ва кема 90 даража қийшайиб қолганини билдирган.

Дастлаб кема тўлиқ чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган, бироқ кейинчалик унинг бир қисми сув остида қолгани аниқланган.

Ҳозирда танкернинг атроф-муҳитга етказиши мумкин бўлган зарари ўрганилмоқда. Испания денгиз қутқарув хизматининг “Clara Campoamor” кемаси ва самолёт ҳудудга юборилган. Кема атрофида пайдо бўлган кичик ёнилғи доғи кейинчалик йўқолгани айтилган. Ҳозирча денгизга қанча ёнилғи тўкилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Орлеан шаҳрида Миссисипи дарёсида танкер кемаси бандаргоҳда турган круиз кемаси билан тўқнашган эди. Тўқнашув оқибатида йўловчи кемаси ағдарилиб, чўкиб кетган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг