Қувайтда Эрон дрони ҳужуми оқибатида икки италиялик ҳалок бўлди
Олам
−
530 2 дақиқа
Қувайтда Германиянинг Rheinmetall қурол ишлаб чиқарувчи компаниясига қарашли объектга дрон ҳужуми уюштирилди. Ҳужум оқибатида компаниянинг икки нафар италиялик ходими ҳалок бўлди. Италия ва Қувайт ҳужумда Эронни айбламоқда, Теҳрон эса бунга алоқадорлигини рад этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Италия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар компанияда техник мутахассис бўлиб ишлаган. Улар Қувайт Қуролли кучлари фойдаланадиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига техник хизмат кўрсатаётган бўлган.
Қувайт Мудофаа вазирлиги аввалроқ Эрон томонидан учирилган бир нечта дрон аниқланиб, тутиб олинганини билдирган. Дронлар қолдиқлари тушиши оқибатида икки италиялик, бир қувайтлик ва бир покистонлик – жами тўрт киши жароҳатланган. Кейинчалик икки италияликнинг вафот этгани тасдиқланган.
Қувайт армияси ҳужум мамлакатдаги муҳим объектлардан бирига қаратилганини ва бу Эрон тажовузи эканини билдирган. Италия Ташқи ишлар вазири эса тергов давомида ҳужумда ишлатилган дрон Эронда ишлаб чиқарилгани аниқланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, минтақада Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар ҳам ҳужумлар уюштириб келади.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакатнинг ҳужумга алоқаси йўқлигини билдирган. У ҳодисани “шубҳали“ деб атаб, унинг сабабларини аниқлаш учун Қувайт ва Италия билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтган. Эрон қуролли кучлари вакили Абулфазл Шекарчи ҳам мамлакат ҳеч қандай ҳарбий ёки ҳужумкор операция ўтказмаганини таъкидлаган.
Германиянинг Rheinmetall компанияси икки ходимининг ўлимини тасдиқлаб, ҳамдардлик билдирган. Компания баёнотида улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига техник ёрдам кўрсатиш вақтида ҳалок бўлгани айтилган. Италия матбуотига кўра, ҳалок бўлганлардан бири 36, иккинчиси эса 65 ёшда бўлган.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса Эроннинг Форс кўрфазидаги қўшни давлатларга қарши ҳужумларини тўхтатиш учун унга босимни кучайтиришга чақирган.
Live
Барчаси