“Насаф” Қувайтдаги учрашувда иродали ғалабага эришди
Спорт
−
09:48 733 1 дақиқа
Кеча, 4 ноябрь куни Қаршининг “Насаф” жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг 4-тури доирасида сафарда Қувайтнинг “Кувайт СК” клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг 27-дақиқасида Ёсин Хенисий ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, 34-дақиқада Муҳаммад Фурайҳ мезбонларнинг иккинчи голини киритди. Шу тариқа қувайтликлар биринчи бўлимни 2:0 ҳисобидаги устунлик билан якунлади.
Иккинчи бўлимда “Насаф” ҳисобни ўзгартиришга муваффақ бўлди. 57-дақиқада Бобир Абдухолиқов фарқни қисқартирди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, 67-дақиқада Абдухолиқов дубль қайд этиб, ҳисобни тенглаштирди. Учрашувнинг 81-дақиқасида Ойбек Рустамов “Насаф”нинг ғалаба голини киритди. Шу тариқа, Рўзиқул Бердиев шогирдлари якунда 3:2 ҳисобидаги иродали ғалабани расмийлаштирди.
Ушбу ғалабадан сўнг “Насаф” тўрт очко билан “А” гуруҳида учинчи ўринда бормоқда. “Кувайт СК” эса олти очко билан иккинчи поғонани эгаллаган.
Маълумот учун, “Насаф” турнир доирасидаги навбатдаги учрашувини жорий йилнинг 25 ноябрь куни ўз майдонида Баҳрайннинг “Ал-Холидия” жамоасига қарши ўтказади.