Сенегал қирғоқларида муҳожирлар қайиғи чўкиб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор
World
−
08:57 368 2 minutes
Сенегал қирғоқларида муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетди. Ҳодиса оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлиб, бир киши тирик қолди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг X ижтимоий тармоғида ёзишича, жорий йилнинг 7 ноябрь куни кечқурун бир киши тирик ҳолда топилган. Ҳозирда қутқарув гуруҳлари бошқа тирик қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда. Қайиқда жами қанча одам бўлгани ҳозирча аниқланмаган.
Ҳодиса Сенегал пойтахти Дакардан шимолда жойлашган Кебемер шаҳри қирғоқларида юз берган. Мамлакат Ички ишлар вазири бугун, 9 ноябрь куни воқеа жойига бориши режалаштирилган.
Сенегал Президенти Бассиру Диомай Фай қурбонларнинг яқинлари ва тирик қолганларга ҳамдардлик билдирган. У муҳожирларни Европага ноқонуний олиб ўтишни ташкил этаётганларга қарши кураш давом эттирилишини айтган.
Ғарбий Африкадан Испаниянинг Канар оролларига олиб борувчи Атлантика миграция йўли дунёдаги энг хавфли йўналишлардан бири ҳисобланади. Испаниянинг Walking Borders ташкилоти маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида ушбу йўналишда камида 635 киши ҳалок бўлган. Канар оролларига етиб борган ҳар 100 нафар муҳожирга қарийб 21 нафар ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган киши тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жибути қирғоқлари яқинида 305 нафар муҳожирни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 139 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлган эди.