3 килодан ортиқ наркотикни “запчаст” орасига яширганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

−

visibility713 timer2 дақиқа

image

Сурхондарёда юк автомобили поршенлари ва диск қисмларига яширилган 2 кг 145,2 грамм “опий” ҳамда 1 кг 3 грамм “героин” олиб киришга уриниш фош этилди. Гиёҳвандлик моддаларини Афғонистондан олиб келган фуқаро ва уларни қабул қилаётган икки гумонланувчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида аниқланган. Тезкор тадбир ИИББ, Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Маълум бўлишича, 1966 йилда Афғонистонда туғилган фуқаро Термиз туманидаги “Айритом” божхона пости орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келган. У бошқарувидаги автомобиль юкхонасидаги иккита юк машинаси поршени текширилганда, уларнинг ичига яширилган 800 грамм гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда аниқланган.

Шундан сўнг, жиноий занжирнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш мақсадида “Назорат остида етказиб бериш” тезкор тадбири ўтказилган. Термиз шаҳрининг Бўстон” маҳалласида Афғонистон фуқароси поршенларни маҳаллий фуқарога топшираётган вақтида қўлга олинган.

Унинг Термиз шаҳридаги вақтинча яшаш хонадон кўздан кечирилганда, яна тўртта юк автомобили поршени ва битта диск қисми топилган. Текширувда учта поршен ичидан 1 кг 3 грамм “героин”, қолган бир поршен ва диск қисмидан эса 1 кг 345,2 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддалар аниқланган.

Тезкор тадбирлар давомида 9 ноябрь куни Шўрчи туманининг Тўла маҳалласида ҳам операция ўтказилган. Унда Афғонистон фуқароси томонидан юборилган олтита поршенни қабул қилиб олаётган, 1993 йилда Денов туманида туғилган фуқаро қўлга олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, аниқланган моддалар “опий” ва “героин” эканлиги тасдиқланган. Жами 2 кг 145,2 грамм опий ва 1 кг 3 грамм героин ҳужжатлаштириб олинган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ҳамда 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган нарколаборатория аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг