Тез орада Амударёдан Қўштепа каналига сув очилади – ОАВ

Олам

−

visibility3364 timer4 дақиқа

image
Россиялик олим ноҳақми: Ўзбекистонда сув танқислиги хавфи қанчалик жиддий? north_east

Россиялик олим ноҳақми: Ўзбекистонда сув танқислиги хавфи қанчалик жиддий?

Афғонистондаги Қўштепа канали фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. Яқин келажакда каналга Амударё суви очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.

Ушбу лойиҳа Афғонистоннинг энг йирик сув инфратузилмаси лойиҳаларидан бири бўлиб, Амударёдан сув олиш ва мамлакат шимолидаги юз минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга мўлжалланган.

Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси (МТК) маълумотларига кўра, Қўштепа каналининг иккинчи босқичида қазиш ишлари 99 фоизга якунланган, айни пайтда 47 та кўприк ва сувни бошқариш инфратузилмаси қурилиши давом этмоқда.

Корпорация матбуот котиби Набиулла Арғандиволнинг сўзларига кўра, канал қурилиши якуний босқичга кирган ва Миллий тараққиёт корпорацияси яқин келажакда Амударёдан бош сув иншооти ҳамда асосий Қўштепа каналига сув очиш устида иш олиб бормоқда.

У каналнинг бош сув иншооти қурилиши давом этаётганини қўшимча қилиб, корпорация лойиҳанинг амалга оширилишини диққат билан кузатиб бораётганига ишонтирган.

Нашрнинг ёзишича, лойиҳанинг якунланиши экин майдонларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда Афғонистоннинг айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортига қарамлигини камайтиришга ёрдам беради.

“Энг муҳим жиҳати шундаки, Афғонистон сувдан самарали фойдаланишни таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўсиши ҳамда ривожланишига кўмаклашиш учун каналнинг суғориш тизимига зарур такомиллаштиришларни киритиши керак”, дейди иқтисодий таҳлилчи Мир Шакиб Мир.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қўштепа канали сониясига қарийб 650 куб метр сув ўтказиш қувватига эга бўлиб, ишга туширилгач 500 мингдан 600 минг гектаргача қишлоқ хўжалиги ерларини суғориши кутилмоқда.

Афғонистон Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик палатаси бош директори Васим Сафийнинг айтишича, Қўштепа канали Афғонистоннинг энг йирик қишлоқ хўжалиги ирригация лойиҳаларидан бири бўлиб, соҳа ривожига туртки беради.

“Ушбу канал қуриб битказилиши билан қурғоқчилик ва сув танқислиги туфайли суғоришдан маҳрум бўлган ерлар яна обиҳаёт билан таъминланади ва ўз унумдорлигини тиклайди”, дейди у.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 19 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Афғонистон 2030 йилгача Қўштепа канали орқали Амударёдан тўлақонли сув олишни бошламаслигини маълум қилган.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон томони билан доимий мулоқотда бўлиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Тошкентга келган.

Шунингдек, ўша матбуот анжуманида Ҳамроев Афғонистоннинг Амударё сувидан фойдаланишга ҳақли эканини билдирган ва канал қурилиши якунлангач, сув олиш ҳажми бўйича битимлар имзолашга келишиб олинганини айтган.

“Қурилиш якунланганидан кейин сув олишни бошлашади. Балки, 2050 йилда ҳам бошлаши мумкин. Аммо 2030 йилгача сув олмаслиги аниқ”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги Қўштепа сув иншооти қурилиши лойиҳаси АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидан яширин молиявий ёрдам олгани ва ёрдам “Толибон” даврида ҳам давом этгани ҳақида хабар берилган эди.

Қўштепа қурилишининг экологик оқибатлари

Амударё Марказий Осиёнинг асосий дарёларидан бири бўлиб, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистонни сув билан таъминлайди. Бироқ  сўнгги ўн йилликларда унинг сув сатҳи кескин пасайиб кетди. ХХ асрда дарё Орол денгизига қуйилган бўлса, бугунги кунда деярли бир томчи сув ҳам у ерга етиб бормайди.

Қўштепа канали лойиҳаси аллақачон халқаро баҳсларга сабаб бўлган. Асосий муаммо – Марказий Осиё учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Амударёдан сув олиш. Гап шундаки, дарёнинг қуйи оқимида Туркманистон ва Ўзбекистон мавжуд бўлиб, улар аллақачон сув ресурслари билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Канал қўшни давлатлардан йилига 10 км куб сув олиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, кам сувли йилларда оқимнинг умумий ҳажми 40 км кубни ташкил қилади, яъни дарёнинг чорак қисмига саёз бўлиб, бу экологик вазиятнинг ёмонлашишига, сув омборларининг қуришига ва қурғоқчиликнинг кучайишига олиб келади. 

Қўштепа қурилиши сув тақсимоти мувозанатини бузади. Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси маълумотларига кўра, янги канал ҳисобига Амударёнинг қуйи оқимидаги кўллар зарур сув оқимининг атиги 30 фоизини олади. Бу чўлланиш жараёнининг тезлашиши ва қурғоқчиликнинг ёмонлашишини англатади.

Бундан ташқари, техник муаммолар юзага келиши эҳтимоли юқори. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар қурилиш ишлари шошилинч ва тегишли назоратсиз олиб борилаётганини кўрсатади. Канал қирғоқларини мустаҳкамламасдан, ибтидоий усулда қазилган, бу эса қумли тупроқларга оқиб тушиши оқибатида сув йўқотиш хавфини оширади. Бу суғориш тизимининг бузилиши ва кейинги экологик оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Қурилиш сифати, табиийки, шубҳали, чунки у асосан Афғонистон ҳукуматида замонавий технологиялар ва катта миқдорда капитал йўқлиги сабабли ўтган асрдаги технологиялардан фойдаланган ҳолда қазилган. Сув сизиб чиқиши ҳам бўлган. Шунга ўхшаш нарса сунъий йўлдош тасвирларида қайд этилган”, дейди сиёсатшунос ва Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендкович.

Унинг сўзларига кўра, бу чегара дарёси оқимининг камайишига олиб келади ва бу Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қуйи оқимдаги сув таъминотига салбий таъсир кўрсатади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг