Россиялик олим ноҳақми: Ўзбекистонда сув танқислиги хавфи қанчалик жиддий?

Таҳлил

image

Яқинда Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти (ИМЭМО) Марказий Осиё сектори мудири Станислав Притчин минтақа 2028 йилга бориб, сув танқислигининг сурункали босқичига ўтишини прогноз қилди. У жорий йилнинг 18 февраль куни онлайн форматда бўлиб ўтган “Иқлим ўзгаришлари ва Марказий Осиёда сув ресурсларидан фойдаланиш муаммолари” мавзусидаги давра суҳбатида сўз очар экан, минтақавий сув бошқарув тизимининг самарасизлигини таъкидлади.

“Сув ресурсларини бошқариш бўйича кенг ваколатли халқаро институт мавжуд эмас. Албатта, давлатлар ўртасида икки ва уч томонлама музокаралар олиб борилмоқда, бироқ умуман олганда, сув масалаларини ҳал қилиш тизими мураккаблигича қолмоқда. Сув тақсимотидан ташқари умумий стратегияни ишлаб чиқадиган институтлар йўқ. Бироқ баъзи ҳаракатлар кузатилмоқда – масалан, “Қамбар ота” бўйича уч давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) биргаликда лойиҳани амалга оширишга келишиб олди. Бу ижобий қадам, аммо етарли эмас”, деган олим.

Унинг бундай иддаолари ўзбекистонликларни қайсидир маънода саросимага солиб қўйди, ижтимоий тармоқларда “сув танқислиги ошиб кетади”, “бир литр сув бензиндан қиммат бўлади” каби ваҳимали постлар ҳам эълон қилинди. QALAMPIR.UZ россиялик олимнинг фикрларига муносабат олиш учун Сув хўжалиги вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот хизматига кўра, Притчиннинг бундай фикрлари минтақада сув ресурслари тўғрисида мавжуд вазиятни нотўғри талқин қилиш ва ҳақиқий ҳолатни чуқур билмасликдир.

“Бундай асоссиз фикр-мулоҳаза ва ахборотларнинг тарқатилиши кенг жамоатчилик, аҳоли, айниқса, ёшлар фикрини чалғитиб, улар онгида мазкур мавзуга нисбатан салбий муносабатлар шаклланишига олиб келади. Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси (ДСХМК), шунингдек, сувдан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар ва қўшма комиссиялар доирасида Марказий Осиё давлатлари билан сув масалалари бўйича алоқаларни изчил ривожлантирмоқда. Охирги йилларда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан ўзаро келишувлар натижасида Сирдарё ва Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича ижобий натижаларга эришиляпти”, дейди вазирлик расмийси.

Шунингдек, вазирлик матбуот котиби Шуҳрат Суюновнинг маълум қилишича, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши прогноз қилинмоқда. Бунга сабаб бўлувчи омилларни у қуйидагича санади:

“Мамлакатда йилига ўртача 50-51 миллиард кубометр атрофида сув олинаётган бўлиб, шунинг 20 фоизга яқини ўзимизда, қолган қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб, талаб эса аҳоли сонига мутаносиб равишда ортиб бормоқда”.

Шунингдек, россиялик олим Притчин ҳам ўз нутқида аҳоли сони ўсиши вазиятга таъсир кўрсатаётганини айтиб ўтган. У минтақа жадал ривожланаётгани, демографик ҳолат ўзгарувчанлиги ва бунда Ўзбекистон етакчи ўринда турганини таъкидлаган.


Факт: 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақа мамлакатлари ичида аҳолиси энг кўпи Ўзбекистон – 37,5 миллиондан ортиқ.


Шунингдек, эксперт турли ҳисоб-китобларга кўра, суғориш учун мўлжалланган сувнинг 50 фоизигача бўлган қисми далаларга етиб боргунча йўқолиб кетишини, бунга сабаб эса сув ресурсларининг самарали ишлатилмаслиги эканини билдирган. Вазирлик сўзловчиси эса бунга жавобан қуйидагиларни мисол келтирди:

“2024 йилда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 75 та объект доирасида 555 километр каналлар реконструкция қилинди, шундан 433 километр канал бетонлаштирилди. Фарғона водийсида 160 километр каналлар модернизация қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ташаббускорлигида кластер, фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг километр ички суғориш тармоқларига бетон ётқизилди. Бетонланган ирригация тармоқларида фильтрация (ерга шимилиб кетиш) камайиб, сувни бошқариш тизими такомиллашди, 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди. Ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,66 дан 0,67 га ошди. 2018 йилгача мамлакат бўйича сув тежовчи технологиялар жами 28 минг гектар майдонда жорий этилган бўлса, ҳозирда бу 1,9 миллион гектарга (44 фоиз) етказилди. Биргина 2024 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологиялар ва лазерли ускуналар ёрдамида 2,5 миллиард метр куб сув тежалди”.

Бундан ташқари, Шуҳрат Суюновнинг QALAMPIR.UZ’га гапириб беришича, Ўзбекистон фойдаланадиган сув ресурсларининг 90 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Мамлакат минтақада ирригация-мелиорация тармоқлари энг кўп ва йирик сув хўжалиги инфратузилмасига эга давлат ҳисобланади ва суғориладиган экин майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этади. Шу билан бирга, 60 фоиздан ортиқ ерлар насос станциялари ёрдамида суғорилади ва суғориладиган майдонларнинг 50 фоизга яқини турли даражада шўрлангани вазифаларни мураккаблаштиради.

“Шу боис, Президентимиз томонидан 2024 йил “Суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинган бўлса, 2025 йил “Насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлди”, дейди Суюнов.


Маълумот учун, Ер юзасининг 71 фоизи сувдан иборат. Мавжуд сувнинг 97,2 фоизини океанлардаги шўр сувлар, 2,8 фоизини эса чучук сувлар ташкил қилади. Аммо бундан ҳам тўлиқ фойдаланиш имконсиз, чунки чучук сувларнинг 2/3 қисми музликлар ёки ер остида. Шунинг учун ҳам сув жуда қиммат ресурс ҳисобланади, айниқса, ўзгарувчан континентал иқлимли, асосий қисми чўллардан иборат Ўзбекистон учун.


Шунингдек, QALAMPIR.UZ Сув хўжалиги вазирлиги олдига кўпчиликни ўйлантираётган Қўштепа канали ишга тушгач, “Ўзбекистон сув тақчиллиги билан қандай курашади?” деган саволни қўйди.


Маълумот учун, Қўштепа – Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати томонидан 2022 йилда қурилиши бошланган ва Амударёдан сув олишга мўлжалланган канал. “Толибон”га кўра, уч босқичда битказилиши кутилаётган ушбу каналнинг узунлиги 285 километр, эни 100 метр бўлади.  Жамоатчилик эса келгусида Орол денгизи ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг аҳволи ҳақида хавотир билдирмоқда. 2023 йилда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Қўштепа канали лойиҳаси ортида “бошқа кучлар” ҳам борлигини маълум қилганди.


Суюновга кўра, канал тўлиқ ишга тушиши оқибатида сув танқис йилларда Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудларнинг иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида таъсирлар сезилиши мумкин.


Маълумот учун, Тожикистоннинг Помир тоғи этакларидаги Панж ва Вахш дарёларининг бирлашувидан бошланиб, Ўзбекистон, Афғонистон ва Туркманистон ҳудудларидан ўтиб, Орол денгизига қуйиладиган Амударёнинг узунлиги 2,4 минг километрни ташкил этади. Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси илмий-ахборот маркази маълумотларида келтирилишича, 2023 йилда Амударё сувидан энг кўп Туркманистон фойдаланган (дарё сувининг 42 фоизи – аҳоли жон бошига 6741,7 метр куб). Кейинги ўринларда Ўзбекистон (38,4 фоиз) ва Тожикистон (19,8 фоиз). Афғонистон бўйича маълумотлар мавжуд эмас, лекин рўйхатда 4-ўринни эгаллаб турибди.


Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон сувни тежашга аллақачон киришган ва матбуот хизматининг маълумотига кўра, Сув хўжалиги вазирлиги 2025 йилда баъзи ишларни амалга оширади.

“Насос станциялари модернизация қилинади, 570 километр магистраль каналлар ва 15 минг километр ички хўжалик тармоқлари бетонланади, бу эса сув йўқотишларини камайтиради. Шунингдек, сувни тежовчи технологиялар жорий этилган умумий майдонлар 2,4 миллион гектарга етказилади. Соҳа рақамлаштирилади ва шу йилнинг ўзида қишлоқ хўжалигида 10 миллиард кубометр сув тежашга эришилади”, дейди QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда бўлган вазирлик расмийси.

Шунингдек, Суюновга кўра, 30 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият кўрсатаётган ДСХМК минтақада сув ресурсларини давлатлар ўртасида низоларсиз тақсимламоқда.

Афтидан, Амударёнинг қуйи оқимидаги давлатлар тақчилликни сувни максимал тежаш ва ундан фойдаланишни модернизация қилиш йўли билан “ҳал қилиш”га уринади. Лекин иқтисодининг асосий бўғинини қишлоқ хўжалиги ташкил этадиган мазкур давлатлар учун тежамкорлик осон бўлмаслиги мумкин. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, глобал муаммога айланаётган чучук сув тақчиллигига нафақат ҳукуматлар, балки одамлар ҳам жиддий қараши ва масъулият билан муносабатда бўлиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё Сув хўжалиги вазирлиги Амударё Қўштепа ДСХМК ОҚХЖ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг