Украиналик сиёсатчи АҚШ Зеленскийга қарши “санкция” қўллаганини айтиб чиқди
Олам
−
05 Февраль 2022
9043Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШнинг “тўғридан-тўғри тақиқи” туфайли Пекиндаги Олимпиада ўйинларининг очилишида қатнаша олмаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Ҳаёт учун – Мухолифат платформаси” партиясидан бўлган Олий Рада депутати Виктор Черний Facebook саҳифасида маълум қилди.
Депутатнинг сўзларига кўра, бир қатор Ғарб давлатлари Хитойда бўлиб ўтаётган спорт мусобақасини бойкот қилишга чақирмоқда.
“Афтидан, Америка етакчилари бизнинг Президент Зеленскийга ҳам санкция қўллаган - Хитойга киришни тақиқлаш! Унинг нафақат дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Хитой билан муносабатларни ривожлантириши, балки норасмий равишда бўлсада бугун мамлакат учун ҳаётий муҳим масалаларни ҳал қилиши мумкин бўлган бундай муҳим воқеада иштирок этмаганини қандай изоҳлаш мумкин?”, деб ёзган Черний.
Виктор Черний мамлакат раҳбарияти спорт ва унда эришиладиган ютуқлар ҳақида ўйламаслигини қўшимча қилиб, украиналик спортчиларга россияликлар билан суратга тушмаслик қатъий тавсия этилганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор ҳам Зеленскийдан чиққан.
Маълумот ўрнида, кеча 4 февраль куни Пекин шаҳрида XXIV қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳамда Туркманистон, Сингапур, Миср, Польша, Аргентина ва Эквадор Призидентлари қатнашган.
Айтиш жоизки, Олимпия ўйинларида 15 спорт тури бўйича жами 109 та медаллар жамланмаси ўйналади. Мусобақа 20 февралга қадар давом этади.
LiveБарчаси