АҚШ КХДР бўйича баёнот эълон қилди. Олти давлат Вашингтонга қарши чиқди

Олам

image

Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан амалга оширилган ракета синовлари бўйича ёпиқ маслаҳатлашувлар ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

Америка Қўшма Штатлари Хавфсизлик кенгашининг яна саккиз аъзосини ушбу масала бўйича ўз баёнотларини қўллаб-қувватлашга ишонтирди, қолган олтитаси эса унга қўшилмади. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд ёпиқ маслаҳатлашувлардан сўнг маълум қилди.

Йиғилиш якунлари бўйича Албания, Бразилия, Франция, Ирландия, Япония, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия ва АҚШ қўшма баёнот билан чиққан. 

“Шимолий Кореянинг 30 январь куни ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетани учиргани БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари қатори бузилишидаги навбатдаги катта қадам бўлди. Бу минтақадаги вазиятни янада беқарорлаштиришга қаратилган эди. Биз бу ноқонуний хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралаймиз. Бу 2017 йил охиридан бери энг узоқ масофали ракета бўлди. Бундан ташқари, КХДР тўққизта ракета синовини ўтказган январь ойи КХДР тарихидаги синовлар сони бўйича рекорд ой бўлди”, дейилади баёнотда. 

Баёнотда, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг КХДРга қарши санкция режимини қўллаб-қувватлаш билдирилган ва барча мамлакатлар ушбу режим талабларига қатъий риоя қилишга чақирилган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари, шунингдек, Пхеньянни “беқарорлаштирувчи ҳаракатларни тўхтатиш ва мулоқотга қайтиш”га чақирган. 

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ва унга қўшилган давлатлар БМТ Хавфсизлик кенгашини Шимолий Кореянинг сўнгги ракета синовлари бўйича ягона позицияни ишлаб чиқишга чақирган. 

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қолган давлатлари — Россия, Хитой, Ҳиндистон, Гана, Габон, Мексика АҚШ ва унинг ҳамкорларининг баёнотини қўллаб-қувватламаган. Учрашув олдидан Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюнь Вашингтон Корея яримороли атрофидаги музокараларда муваффақиятга эришиш учун кўпроқ мослашувчанлик кўрсатиши кераклигини айтган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши номидан баёнот фақат унинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин, акс ҳолда бу алоҳида давлатларнинг позицияси бўлиб қолади. 

Маълумот ўрнида, Шимолий Корея 30 январь куни ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетани синовдан ўтказганини тасдиқлади. Ушбу ишга тушириш йил бошидан бери еттинчиси бўлди. Бундан олдин, КХДР 28 январь куни Корея яриморолининг шарқий қирғоқларида сўнгги бир ой ичидаги 6-ракетани синовдан ўтказганди. 26 январь куни Шимолий Корея денгизга “круиз ракеталар”ни учирган. 18 январь куни “тактик йўналтирилган ракеталар”ни ҳам синовдан ўтказган. Жорий йилнинг 5-11 январь кунлари КХДР гипертовушли ракетани синовдан ўтказган бўлса, 14 январь куни поезд вагонига ўрнатилган қисқа масофали баллистик ракеталарни учирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ КХДР

Баҳолаганлар

312

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг