Дубайга “қочган” қозоқ маликаси", нишондаги Путин, огоҳлантирилган ўзбекистонликлар... 13 январда нималар бўлди?

Таҳлил

image
Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? Сўнгги қайноқ хабарлар қисқача тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишишингиз мумкин.

Жамият 

Ўзбекистон ташқаридан бериладиган “маслаҳат” ва “кўрсатма”ларга муҳтож эмас – эксперт

Ўзбекистон дунё миқёсида энг кўп террористик актларга учраган ва уларни самарали бартараф қилиб келаётган давлат. Мамлакат ташқаридан бериладиган "маслаҳат" ёки "кўрсатма"ларга муҳтож эмас. Бу ҳақда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди. 

“Ўзбекистон ҳарбий салоҳият бўйича дунё рейтингида 40-44 ўрин оралиғида турибди. Дунёда 208 та мамлакат бор. Марказий Осиёда эса Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳияти 1-ўринда. Бунинг асосий сабаби нимада? Аввало, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси. Қайси давлатда ислоҳот, иқтисодиёт, барқарорлик бўлса, албатта, бу мамлакат ўзининг хавфсизлигини таъминлаш учун мудофаа соҳасига етарли даражада маблағ ажратиб, уни ислоҳ қилишга эришади”, дейди Жўраев. 

Жаҳон банки 2022 йилда ўзбекистонликлар қанчага бойишини прогноз қилди

2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 5,6 фоизга етади.  Бу ҳақда Жаҳон банкининг “Жаҳон иқтисодий истиқболлари” номли ҳисоботида келтирилган.

Ҳисобот муаллифлари 2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу ўсиш 5,6 фоизгача секинлашишини прогноз қилмоқда.

Қайд этилишича, жаҳон иқтисодиёти янги COVID-19 штаммлари тарқалиши таҳдидлари, шунингдек, инфляция, қарз ва даромадлар тенгсизлигининг кучайиши фонида аниқ секинлашув даврига кирмоқда. Бу ривожланаётган мамлакатларнинг тикланишига хавф солиши мумкин.

Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлиш хавфи борми?

Ўзбекистон халқи, айниқса, билимли, дунёни кўрган ёшлари давлатнинг КХШТ каби бир тарафлама мақсадларга таянган ташкилотларга аъзо бўлишини истамайди. Бу ҳақда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди. 

Яхши маълумки, Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШ) СССР парчалангач, асосан Россиянинг ташаббускорлигида 1992 йил 15 май куни Тошкентда тузилган. Бу ташкилотга дастлаб Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Россия қўшилган. 1993 йилда Озарбайжон, Грузия ва Беларусь ташкилотга аъзо бўлган.

Консулхона Истанбулдаги ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди

Ўзбекистон Республикасининг Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқиб, фирибгарликлардан огоҳлантирди. 

“Сўнгги вақтларда Бош консулхона атрофида фирибгарлик ҳолатлари содир бўлаётгани ҳақидаги маълумотлар келиб тушмоқда.  

Шу сабабли ватандошларимиздан ҳушёрликни оширишга чақириб қоламиз”, дейилади баёнотда. 

Қашқадарёда уйда турган Cobalt'нинг газ баллони портлади 

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Муборак туманида Cobalt автомобилининг газ баллони портлаб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳодиса 2021 йилнинг 4 декабрь куни соат 14:10 ларда Муборак тумани Қорабоғ қишлоғида содир бўлган. Шу қишлоқда яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро Ў.Л.нинг яшаш уйи ҳовлисида турган, ўзига тегишли бўлган Cobalt русумли  автомобилга ўрнатилган газ баллони тўсатдан портлаб кетган.

Диққат! “Uzbekistan Airways” АҚШга кетмоқчи бўлганларга огоҳлантириш билан чиқди

АҚШга кириш учун янги қоидалар эълон қилинди. Унга кўра, йўловчилар парвоздан камида 24 соат олдин ПЗР тест ҳамда камида 15 кун олдин COVID-19 га қарши тўлиқ эмланганликларини тасдиқлайдиган гувоҳномага эга бўлишлари керак. Бу ҳақда “Uzbekistan Airways” Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, АҚШга бораётган ёки транзит орқали ўтадиган йўловчилар (2 ёшдан юқори) COVID-19 учун парвоздан камида 24 соат олдин ПЗР усулида топширилган тестнинг манфий натижасини тақдим этишлари керак. Рухсат этилган тестлар: antigen, NAAT, RT-LAMP, RT-PCR ёки TMA. Шунингдек, йўловчилар махсус аттестация варақасини тўлдиришлари ва рўйхатдан ўтиш пайтида уни босма шаклда тақдим этишлари шарт.

Тошкент қоқ марказида “огнетушитель” портлатганлар қамоққа олинди. Жароҳатланган боланинг бармоқлари узилиб кетган

Жорий йилнинг 1 январь куни пойтахт Тошкентдаги “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси олдида фуқаролар Янги йилни нишонлаш мақсадида қўлбола “огнетушитель” портлатганди. Оқибатда ҳолатни видеога олаётган 3 киши жароҳатланганди. Мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 13 кишига айблов эълон қилиниб, қамоққа олинди.

Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, портлаш оқибатида М.С. (1997 йилда туғилган) қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши, М.А. (1999 йилда туғилган) ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати ҳамда Х.Н. (2006 йилда туғилган) ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси ташхиси билан турли кўринишдаги тан жароҳати олган.

Олиб борилаётган тергов тезкор ҳаракатлари давомида мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 13 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, Жиноят процецуал кодексининг 221-моддаси тартибида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 5 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинган, яна 5 нафари маъмурий жаримага тортилган.

Олам

3 кунлик чақалоқ -20 даража совуқда кўчага ташлаб кетилди

Россиянинг Новосибирск вилояти Сосновка қишлоғидаги ташландиқ йўлнинг ёқасида тухум қутисига ташлаб кетилган чақалоқ топиб олинди. Ўсмирлар гўдакни ҳаво ҳарорати -20 даражагача тушиб кетган вақтда, кечаси топиб олишган. Вазиятдан хабар топган ота-оналардан бири чақалоқни дарҳол шифохонага олиб борган.  

Қайд этилишича, чақалоқнинг жинси қиз бола ва ҳозирда уни ташлаб кетган онасига нисбатан жиноят иши очилиб, қидирувга берилган. 

Ўсмирлардан бирининг ота-онаси чақалоқни боқиб олмоқчи ҳам бўлган, аммо улардан боланинг ҳақиқий ота-онаси топилгунича кутиб туриш сўралган. 

“Биз сизга рақиб эмасмиз”. Ҳукумат блоклаган сайт раҳбари Президентга мурожаат қилди

Қозоғистонда Гиперборей YouTube канали муаллифи Вадим Борейко ва “Оrda.kz” нашри бош муҳаррири Гулнар Бажкенова Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга “Оrda.kz” сайтини блокдан чиқаришни сўраб мурожаат қилди.

“Оrda.kz” сайтини блокдан чиқаринг. Сизга ва сизнинг яқинларингизга ёқмайдиган маълумотлар бўлиши мумкин. Митингларга бизни сабабчи қилиб кўрсатишлари мумкин. Биз қандайдир маълумот тарқатганимиз учун митинглар содир бўлди, деб ўйлашлари ҳам мумкин. Лекин бундай эмас. Журналист — бу янгилик тарқатувчи. У синоптикка ўхшайди. Агар метеоролог қор ёғади деса, у шуни етказади. Сиз ҳеч нарсани ўзгартира олмайсиз. Биз ўз ишимизни ҳаққоний бажардик. Ҳозир ҳам, кейин ҳам шундай қиламиз. Биз сизни, сизнинг қандайдир ҳаракатингизни танқид қиламиз. Бу эса биз сизнинг рақибингиз дегани эмас. Биз қонунга қарши ҳеч нарса қилмаймиз”, деган Борейко ва Бажкенова Тўқаевга мурожаатида. 

Оқ Уй Россияга қарши янги санкция қўлламоқчи. Путин ҳам нишонда

“АҚШ Президенти Жозеф Байден маъмурияти Владимир Путинга шахсан таъсир кўрсатувчи Россияга қарши янги санкцияларни қўллаб-қувватламоқда”, дея ёзади “The Washington Post” ахборот агетлиги. Агентлик Миллий хавфсизлик кенгаши вакили ва қўлига келиб тушган ҳужжатларга таяниб ушбу хабарни маълум қилган. 

“Агар Путин Украинага бостириб кирадиган бўлса, сенатор-демократлар янги санкциялар пакетини эълон қилишади”, дейилади, хабарда. 

Коронавирус фонида Telegram блокланиши кутилмоқда

Германия Telegram’ни блоклаши мумкин. Бу ҳолат ўта ўнг гуруҳлар ва коронавирус чекловларига қарши бўлган одамлар орасида машҳур хабар алмашиш хизмати мамлакат қонунларини бузишда давом этса, содир бўлади. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Нэнси Файзер маълум қилди.   

“Бундай бўлишини инкор эта олмаймиз. Бироқ, уни ўчириб қўйиш жуда жиддий қадам ва охирги вариант бўлади. Шунинг учун, бундан олдин бошқа барча вариантларни муваффақиятсиз деб ҳисоблаш керак”, деган Файзер. 

Назарбоевнинг кенжа қизи Қозоғистон халқига мурожаат қилди 

Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева мамлакатда содир бўлаётган сўнгги воқеалардан жуда хавотирда эканини айтиб, отасини қўллаб-қувватлаган Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди.  

“Юракда оғриқ билан юртимиздаги фожиали воқеалардан хавотир олмоқдаман. Барча қурбонларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Барчамиз учун шафқатсиз бўлган бу сабоқ тарихимиздаги сўнггиси бўлишига умид билдираман. Сизга қўллаб-қувватлаган сўзларингиз учун ҳам раҳмат айтаман. Айни дамда отамни маънавий қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат айтаман, у шу кунларда турли вилоятлар аҳолисидан кўп хабарлар олмоқда”, деб ёзган у Facebook саҳифасида. 

Мурожаатдан кўп ўтмай, Алия Назарбоева Instagram ва Facebook'даги саҳифасини ўчирди. Orda.kz нашрининг ёзишича, Алия Назарбоева Бирлашган Араб Амирликларида "жон сақламоқда".

“Арқадағ” вазир ўринбосарини ҳеч қандай изоҳсиз ишдан олди

Кеча, 12 январь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Давлат раҳбари йиғилишда сабабларини тушунтирмасдан, полиция подполковниги Мират Бабагулиевни Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда ТДХ давлат ахборот агентлиги хабар берган.  

Таъкидланишича, Ашхобод полиция бошқармаси бошлиғи, майор Вепали Атаев Ички ишлар вазирининг янги ўринбосари этиб тайинланган. Ўз навбатида, Ашхобод полиция бошқармаси бошлиғи этиб майор Мердан Муҳамметмирадов тайинланган.

Биринчи Президентнинг узоқ йиллик ҳамкори ва унинг икки ўринбосари давлат тўнтаришида айбланяпти

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов ва унинг икки ўринбосарига нисбатан давлатга хиёнат айбловларидан ташқари, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ҳамда ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш хатти-ҳаракатлари бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати маълум қилди.

“Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ МХҚ раиси Карим Масимовга нисбатан давлатга хиёнат бўйича судгача терговни давом эттирмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатлар юзасидан қўшимча терговга қадар текширувлар бошлаб юборилган”, дейилади хабарда.

ОАВ Назарбоевнинг кенжа қизи қаердалигини фош қилди

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева айни вақтда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Orda.kz” нашри унинг қаердалигини фош қилди. 

“Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи ўзининг Instagram аккаунтини ёпди. Бугун тонгда у мамлакатда содир бўлаётган сўнгги воқеалардан жуда хавотирда эканини айтиб, отасини қўллаб-қувватлаган Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди.  Кейинроқ Instagram’даги саҳифаси ёпилиб қолди”, дейилади хабарда.

Мирзиёев сафсатабоз Лукашенконинг гапларига жавоб қайтарди

Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев бугун, 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши кенгайтирилган йиғилишида Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенконинг КХШТ йиғилишида айтган гапларига муносабат билдирди. 

"Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди. Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. 

Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз", деди давлат раҳбари.

Спорт

“Эль-Класико”: “Реал” азалий рақибини мағлуб этиб, финалга йўл олди

Бугун, 13 январь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Испания Суперкубогининг илк финалчиси аниқланди. Карло Анчелотти бошчилигидаги “Реал Мадрид” муросасиз баҳсда Хави бошчилигидаги “Барселона” устидан ғалаба қозонди – 3:2. Мадрид клуби кетма-кет 5-учрашувда ҳам “Барса”ни мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқди.

 Каталонияликлар учрашув давомида икки марта ортга “камбек” амалга оширишга муваффақ бўлишди, бироқ улар Федерико Валверденинг 120-дақиқада киритган голига жавоб бера олишмади. “Қироллик клуби” эса финалга йўл олди.

Хамес рақиб футболчисининг ҳаётини сақлаб қолди

Қатарнинг “Ал-Райян” клуби ярим ҳимоячиси Хамес Родригес Қатар чемпионатининг 13-туридан ўрин олган “Ал Вақра”га қарши учрашувда малилик ҳимоячи Усмон Кулибалининг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда “BeIN Sports” нашри хабар берди.

Гап шундаки, учрашувнинг биринчи бўлимида Кулибали ҳушидан кетган. Колумбиялик футболчи эса воқеа жойига тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар Кулибалига биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. Родригес 32 ёшли футболчининг бошини тўғрилаб, қўшимча ёрдам кўрсатиш учун шифокорлар бригадаси келгунига қадар нафас олишига кўмаклашган. Ҳозирда малилик футболчи шифохонага ётқизилган ва аҳволи барқарорлашган.

“Рома” раҳбарияти Шомуродов сабаб Моуриньодан норози

Аввалроқ,  Жозе Моуриньо Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг ўйинини танқид қилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Машҳур спорт нашрларининг хабар беришича, “бўрилар” раҳбарияти Жозенинг натижаларидан норозилигини билдирган. Раҳбарият португалиялик мутахассис ёзда катта трансфер кампаниясидан сўнг, яхши натижа кўрсатиши керак, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, Элдор Шомуродовнинг ҳолатидан қониқиш ҳосил қилмаяпти. 20 миллион евролик футболчи захира ўриндиғида ўтирмаслиги кераклиги иддао қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг