Ўзбекистон ташқаридан бериладиган “маслаҳат” ва “кўрсатма”ларга муҳтож эмас – эксперт
Жамият
−
13 Январь 2022
11608Ўзбекистон дунё миқёсида энг кўп террористик актларга учраган ва уларни самарали бартараф қилиб келаётган давлат. Мамлакат ташқаридан бериладиган "маслаҳат" ёки "кўрсатма"ларга муҳтож эмас. Бу ҳақда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди.
“Ўзбекистон ҳарбий салоҳият бўйича дунё рейтингида 40-44 ўрин оралиғида турибди. Дунёда 208 та мамлакат бор. Марказий Осиёда эса Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳияти 1-ўринда. Бунинг асосий сабаби нимада? Аввало, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси. Қайси давлатда ислоҳот, иқтисодиёт, барқарорлик бўлса, албатта, бу мамлакат ўзининг хавфсизлигини таъминлаш учун мудофаа соҳасига етарли даражада маблағ ажратиб, уни ислоҳ қилишга эришади”, дейди Жўраев.
Сайфиддин Жўраевнинг кўп йиллик таҳлилларга таяниб айтишича, Ўзбекистон энг кўп террористик ҳаракатларни кўрган ва уларни бартараф этиш борасида етарли тажриба орттирган мамлакат саналади.
“Лукашенко бизнинг қудратимизга ишонмаётган бўлса, аввало давлатчилигимизнинг бунёдкорлигига боқиши керак. Биз МДҲ давлатларининг ичида энг кўп террористик ҳаракатларга дуч келганмиз ва доим уни енгиб чиққанмиз.
Ўзбекистон нафақат минтақа балки, дунё тан олган давлатлар даражасида тажриба ва билимга ва энг асосийси жараёнларни таҳлил қила олиш қобилиятига эга. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, давлатимизга қандайдир террористик ҳаракатлар бўладиган бўлса, бунга Ўзбекистоннинг кучи ҳам қудрати ҳам етади. Бунга шубҳа йўқ.
Эришган ютуқларимиздан келиб чиқадиган бўлсак, ташқаридан бериладиган "маслаҳат" ёки "кўрсатма"ларга муҳтож эмасмиз. Ўзбекистоннинг ўз йўли ва ўз стратегияси бор. Дастлабки террористик ҳаракатлар бўлган вақтда КХШТ "Ўзбекистонга бир вагон ўқ жўнатамиз", деб ваъда берган. Аммо, ҳали ҳам ўша вагон етиб келгани йўқ. Қуруқ ваъда бўлган. Фактлар ҳам бор. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди”, дейди олим.
Профессор Сайфиддин Жўраев билан видеоинтервьюни ҳозироқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси