Дунёда Россия, АҚШ ва Европа даври тугаяпти

Интервью

Дунёда Европа, АҚШ, Россиянинг ўрни ва таъсирчанлиги тобора камайиб боряпти. Бу ҳақда сиёсатшунос, профессор Сайфиддин Жўраев Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити олдидан QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар кенг иқтисодий шароитларда янги транспорт коридорларини қидиришмоқда, жумладан Ўзбекистон ҳам. Ўзбекистон сўнгги йилларда Афғонистон орқали Жанубий Осиёга ва Қирғизистон орқали Хитойга чиқадиган йўлларни қуришни режалаштирмоқда. Аммо кўп ҳолларда мазкур транспорт йўлаклари бир-бирига нисбатан низоли вазиятда бўлган мамлакатлар ҳудудлари орқали ўтади. Туркий давлатлар ташкилоти ва унинг дастури бу йўлаклар хафсизлигини қанчалик кафолатлай олади? QALAMPIR.UZ мухбири Шаҳзод Нусратуллаев ушбу савол билан сиёсатшунос олим, профессор Сайфиддин Жўраевга юзланди. 

“Шуни айтиб ўтиш керакки, конфликт бўлган ёки доимий равишда қайсидир кучлар ижобий ишларга қаршилик кўрсатадиган ҳолатлар табиий жараёндир. Буни ҳисобга олиб, бу каби лойиҳаларни, ижодий ишларни амалга оширмаслик мантиққа зид. Шу нуқтайи назардан, дунёнинг сўнгги 30 йиллини олиб қарайдиган бўлсак, ўзига хос давр бошланди. Олдингидек халқаро муносабатларда мустаҳкам икки қутблилик тугаб, ўрнига янги давр бошланяпти. Дейлик, шунинг бир томонида, Осиё мамлакатларида, туркий тиллик давлатларнинг мустақилликка эришиши ва улар ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичга олиб чиқиш, жумладан транспорт коридорларини ривожлантириш масалалари кун тартибига қўйилган. 

Шу ташкилот доирасида биринчи навбатда транспорт коридорлари масаласи муҳим аҳамият касб этади. Сабаби битта. Марказий Осиё мамлакатлари, нафақат Ўзбекистон,балки Озарбайжон ҳам дунё бозорига маҳсулотларини олиб чиқиш учун геосиёсий халқадан чиқиб кетиши керак. Ўзбекистонни оладиган бўлсак, Европага етиб бориш учун 24 кун керак ёки Японияга бориш учун тахминан шунча вақт керак. Шундай экан, Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари тўғри келяпти. Биринчидан, Қирғизистон орқали Хитойга, иккинчидан Озарбайжон орқали Туркияга чиқиш бу қўшимча имкониятлар яратади. Яъни маҳсулотларни олиб чиқиш ва қайтариб олиб келиш учун. Шундай экан, ушбу жараёнларни лойиҳалштиришдан то охирги босқичига қадар Давлат назоратида туради. Бу биринчи кафолат.

Иккинчидан, мана шу ҳудуддаги мамлакатлар қандай ҳолда бўлмасин қаршилик қиладими, низоли ҳолатда бўладими, ҳаммаси битта ҳолатдан манфаатдор: маҳсулотлар эркин бориб келиши керак. Ўзаро тадбиркорлар ўртасида, ишлаб чиқарувчи субъектлар ўртасидаги алоқаларга бошқа манфаатлар таъсир қилмаслиги ёки шу манфаатлар устун туриши керак. 

Айтишим мумкинки, Туркий давлатлар ташкилоти 30 йиллик босқични босиб ўтган бўлса, ташкилий жиҳатдан шакллантириб бўлинди. Энди мазмун жиҳатидан шуни амалга оширишга киришяпти. Яна бир нарсага эътибор беринг, ҳозир Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Туркия омили чиқиб келётган бир пайтда, Европа, АҚШ, Россиянинг ўрни маълум даражада камайиб боряпти. Шу жараёнларни инобатга олар эканмиз, океан, денгизлардан савдо қилиш ҳажми камайиб боряпти. Бундай шароитда, биринчи навбатда қуруқликдан савдо қилишга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шундай экан, бу лойиҳаларни амалга ошириш бир неча давлатлар учун муҳим. 

Такрор айтиш мумкинки, зиддиятлар доим бўлади, ҳаёт шундан иборат. Ҳар бир томон ўзининг манфаат устунлигини топиши керак. Туркий тилли давлатлар манфаат устунлигини топишди ва шунга қараб ҳаракат қилишяпти”, дейди Сайфиддин Жўраев.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти Сайфиддин Жўраев

Баҳолаганлар

409

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг