“Биз сизга рақиб эмасмиз”. Ҳукумат блоклаган сайт раҳбари Президентга мурожаат қилди
Олам
−
13 Январь 2022
17185Қозоғистонда Гиперборей YouTube канали муаллифи Вадим Борейко ва “Оrda.kz” нашри бош муҳаррири Гулнар Бажкенова Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга “Оrda.kz” сайтини блокдан чиқаришни сўраб мурожаат қилди.
“Оrda.kz” сайтини блокдан чиқаринг. Сизга ва сизнинг яқинларингизга ёқмайдиган маълумотлар бўлиши мумкин. Митингларга бизни сабабчи қилиб кўрсатишлари мумкин. Биз қандайдир маълумот тарқатганимиз учун митинглар содир бўлди, деб ўйлашлари ҳам мумкин. Лекин бундай эмас. Журналист — бу янгилик тарқатувчи. У синоптикка ўхшайди. Агар метеоролог қор ёғади деса, у шуни етказади. Сиз ҳеч нарсани ўзгартира олмайсиз. Биз ўз ишимизни ҳаққоний бажардик. Ҳозир ҳам, кейин ҳам шундай қиламиз. Биз сизни, сизнинг қандайдир ҳаракатингизни танқид қиламиз. Бу эса биз сизнинг рақибингиз дегани эмас. Биз қонунга қарши ҳеч нарса қилмаймиз”, деган Борейко ва Бажкенова Тўқаевга мурожаатида.
Борейко, шунингдек, Тўқаевга у ниҳоят ҳақиқий Президент бўлганини, буни тан олишини қўшимча қилиб ўтган.
Маълумот ўрнида, мамлакатда газ нархи ошишига қарши бўлиб ўтган норозилик намойишлари фонида КазТАГ ахборот агентлиги ва “Оrda.kz” ахборот ресурси сайтлари блокланганди. Бажкенова аввалига сайт ишдан чиқа бошлаганини, шундан сўнг аста-секин сайт бутунлай юкланишни тўхтатганини маълум қилганди.
Намойишлар авжига чиққанда Бажкенова ижтимоий тармоқ орқали Президентга ва Ҳукуматга мурожаат қилиб, ахборот соҳасида ҳаммага тенг муносабатда бўлиш кераклигини, Ҳукумат идоралари ўзи вақтида керакли ахборотни беришга масъул эканини айтганди.
Орадан кўп ўтмай, Orda.kz нашрида Элбоши Назарбоевнинг оила аъзолари билан мамлакатни тарк этгани, Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абиш ҳибсга олингани эълон қилинди. Кейинроқ нашр бу маълумотлар текширилмай эълон қилингани ва ҳақиқатдан йироқ эканини айтиб, узр сўраб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини оммавий норозилик намойишларини ёритгани учун ҳибсга олинган журналист ва фаолларни озод қилишга ва уларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлашга чақирганди.
LiveБарчаси