Коронавирус фонида Telegram блокланиши кутилмоқда
Олам
−
13 Январь 2022
13920Германия Telegram’ни блоклаши мумкин. Бу ҳолат ўта ўнг гуруҳлар ва коронавирус чекловларига қарши бўлган одамлар орасида машҳур хабар алмашиш хизмати мамлакат қонунларини бузишда давом этса, содир бўлади. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Нэнси Файзер маълум қилди.
“Бундай бўлишини инкор эта олмаймиз. Бироқ, уни ўчириб қўйиш жуда жиддий қадам ва охирги вариант бўлади. Шунинг учун, бундан олдин бошқа барча вариантларни муваффақиятсиз деб ҳисоблаш керак”, деган Файзер.
Унинг сўзларига кўра, аввалги чора-тадбирлар, жумладан, Адлия вазирлигининг огоҳлантириш хати ҳеч нарсага олиб келмаган.
Таъкидланишича, “Интернетни қўллаш тўғрисида”ги қонун ижтимоий медиа провайдерларидан шикоят юборилганидан кейин ноқонуний контентни зудлик билан олиб ташлашни талаб қилади.
“Менимча, бу ерда қонун ижросини таъминлашнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шу”, деган вазир.
Қайд этилишича, Файзер Telegram билан ҳамкорлик қилиш учун Европа ечимини қидирмоқда.
Маълумот ўрнида, сўнгги пайтларда Telegram Германияда муаммоларга дуч келмоқда, чунки ундан миллий қонунларга риоя қилиш талаб этилади, хусусан, компания ноқонуний контентни ўчириши, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари жарималар ҳақида билдиришнома юбориши мумкин бўлган алоқа шахсини тайинлаши шарт.