Тошкент қоқ марказида “огнетушитель” портлатганлар қамоққа олинди. Жароҳатланган боланинг бармоқлари узилиб кетган
3-саҳифа
−
13 Январь 2022
10470Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 январь куни пойтахт Тошкентдаги “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси олдида фуқаролар Янги йилни нишонлаш мақсадида қўлбола “огнетушитель” портлатганди. Оқибатда ҳолатни видеога олаётган 3 киши жароҳатланганди. Мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 13 кишига айблов эълон қилиниб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Янги йил байрами арафасида Тошкент вилояти Янгийўл туманининг айрим маҳаллаларида қўлбола усулда пиротехника воситаларини тайёрлаб сотиш авж олади. Аввалги йилларда ҳам худди шундай ўт ўчиргичларда синаб кўрилган портлатишлар интернетда тарқалган ва буни кўрган Тошкент шаҳрида яшовчи йигит янгийўллик таниши билан боғланиб, худди шундай мослама топиб беришни сўраган.
“Бунақа даражада банғиллайди деб кутмагандик. Жуда ваҳимали бўлди. “Огнетушитель” ясаш бўйича видео кўргандим, янгийўллик болалар ясагани ҳақида. Ўша видеони янгийўллик оғайнимга ташаганимда, у “бу нарса бизда ясалган” деб айтганди. У нарса пулли экан. Аслида мен текин деб ўйлагандим, лекин охирида пулли бўлиб чиқди. Шундан кейин пул беришга мажбур бўлдим. Аслида 500 минг сўм беришимиз керак эди, лекин 470 минг бердик”, дейди “Самарқанд дарвоза” савдо маркази қаршисида портлатилган қўлбола мосламани сотиб олган ўспирин.
Мосламани тайёрлаш учун турли кимёвий моддалар ва енгил автомобилнинг эҳтиёт қисмларидан фойдаланилган. Бу усулни бир неча йилдан бери қўллаб келаётган трактор ҳайдовчиси ёшларга уни қандай тайёрлашни ўргатган.
“Пул таклиф қилди. 80 минг сўм бераман деди. Қўйгин, мана, ол, олиб кетавер десам кейин 80 минг ташлаб кетибди”, дейди трактор ҳайдовчиси.
“Кейин уни олиб қўлбола шаклда магний ясадим. Қўшним Зиёвуддин менга таклиф берди. “Курсдошим бор, ҳар йили шунақа огнетушитель олиб портлатаркан. Бу йил тополмабди, ясаб бера оласанми?” деб сўради. Хизмат ҳақи 500 минг сўм деб айтилганди. 470 минг сўм пул олдим”, дейди қўлбола портловчи мосламани ясаган йигит.
Таъкидланишича, ҳаммаси тайёр бўлгач, портловчи мосламани ишга тушириш учун аҳоли гавжум бўлган ҳудуд танланган. Ёшлар портлаш қулоқни қоматга келтирувчи овози ва аланга баландлиги билан кўпчиликни ҳайратга солишни мақсад қилган.
“Ўша куни йўлнинг ўртасига чиқиб мосламани жойлаштирдим. Мосламани ўзим ёқдим. У ёнганидан кейин, орадан 15 сония ўтгач, портлади. Воқеа жойида 2 дақиқача турганимдан кейин у ердан кетдим. Уйга бориб, телефонимни ўйнаб ўтирсам, икки бола жароҳатлангани ҳақида видео келиб қолди”, дейди “огнатушитель”ни портлатган йигит.
Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, портлаш оқибатида М.С. (1997 йилда туғилган) қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши, М.А. (1999 йилда туғилган) ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати ҳамда Х.Н. (2006 йилда туғилган) ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси ташхиси билан турли кўринишдаги тан жароҳати олган.
“2006 йилда туғилган беморга шошилинч равишда ўнг оёқ панжасининг тўртта бармоғини реплантация қилиш (узилиб кетган бармоқларни улаш) операцияси бажарилди. Ҳозирги вақтда бемор микрохирургия бўлимида стационар даво олмоқда”, дейди жарроҳ Равшан Ирисметов.
Маълум бўлишича, жароҳатланган болаларнинг барчаси мактаб ўқувчилари. Улардан икки нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис, уй шароитида даволанишга рухсат берилган. Яна бир 10-синф ўқувчиси ҳозирча шифохонада қолмоқда.
“Йўлнинг ўртасига одамлар кўп эди, улар “круг” бўлиб йиғилди. “Огнетушитель” қўйишди. Одам кўп бўлганидан ким қўйганини кўрмадим. Одам тарқалгандан кейин қарасам “огнетушитель” экан. Мен одамлар тўпланиб турган пайтда “салют” қўйишяпти деб ўйлагандим. Портлаш зарбаси “удар” билан келди, бошида ҳеч нарсани сезмадим. Ёнимдаги акалар оёғим қонаганини айтиб қолди. Кейин ўша ердаги акалар кўтариб машинага ўтирғизишди-да, шифохонага олиб келишди”, дейди жабрланувчи.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, олиб борилаётган тергов тезкор ҳаракатлари давомида мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 13 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, Жиноят процецуал кодексининг 221-моддаси тартибида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 5 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинган, яна 5 нафари маъмурий жаримага тортилган.
“Айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 250-моддаси “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддага асосан айбдор шахслар 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси катта терговчиси Миржалол Исроилов.
LiveБарчаси